Одам буюмдек сотиб юборилса...

08.07.2021 17:07:52

Навоий вилоят ИИБга ҳамтовоқлари ичида «Гўзал» лақаби билан танилган навоийлик аёл вилоят ҳудудида истиқомат қилувчи қизларни  шаҳвоний хизматлар учун Туркия давлатига жўнатишга ҳозирлик кўраётгани ҳақида маълумот келиб тушди. Шундан сўнг вилоят ИИБ ва ЭҚКБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида у Қизилтепа тумани “Сарой” МФЙда яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро К.Тни Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳри орқали Туркия давлатига олиб кетиб фоҳишаликка ёллаш мақсадида Андижон вилояти Пахтаобод тумани «Маданият» халқаро чегара ўтказиш пункти орқали олиб ўтиб кетмоқчи бўлган вақтида далилий ашёлар билан ушланди...

Владивосток шаҳрида фаолият юритиб келаётган «Восток-Бухара» масъулияти чекланган жамияти раҳбари, ўзбекистонлик А.Азизов ҳамда мамлакатимизнинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамкорлигида Узоқ Шарқ федерал округи ҳудудларида турли сабабларга кўра, молиявий қийин аҳволга тушиб қолган 9 нафар юртдошимиз (3 нафари ёш бола) Владивосток-Бухоро йўналиши бўйича ташкиллаштирилган чартер авиарейси орқали бепул Ўзбекистонга қайтарилди...

Ижтимоий тармоқларда юқоридаги каби мазмунда тез-тез материаллар эълон қилиниб турибди. Албатта, улар ҳар биримизни ташвишга солмай қўймайди. Чунки ҳар бир шундай ҳолат ортида инсон тақдири ётади. Шунинг учун ҳар биримиз мазкур иллатга қарши курашга муносиб ҳисса қўшишимиз даркор. Бунда тарғибот ва ташвиқотнинг ҳам аҳамияти катта.

Сайёрамизда бир қатор глобал муаммолар борки, булар сирасига бевосита одам савдоси сингари трансмиллий жиноятларни ҳам киритиш мумкин. Йилдан-йилга бу иллатдан жабр чекаётганлар, унинг қурбони бўлаётганлар сони ортиб бормоқда. Ҳудуд ва чегара билмайдиган бу жиноятнинг ҳар бири жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий хавф туғдирмоқда. Одам савдосидек оғир жиноят инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилиб, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилиши билан ўта жирканч кўринишга эга.

Aйтиш лозимки, бугунги кунга келиб одам савдосининг авж олишига, яъни инсоннинг қандайдир бир буюм сифатида, таъбир жоиз бўлса,  олди-сотди объекти сифатида фойдаланилиши, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилишига олиб келмоқда.

Шундай экан, биз ёшлар бундай иллатларга биргаликда курашмоғимиз ва ҳуқуқимизни тўғри англамоғимиз даркордир. Ҳушёрлик  - давр талаби.

 

Нозима АКБАРОВА,

Ўзбекистон “Aдолат” СДП Мингбулоқ туман Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти раиси, “Ёшлар парламенти” аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+