Одамлар  ишончини  қандай  оқлаш  мумкин?

15.06.2021 15:06:57

Жойларда ташкил этилган Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат қабулхонаси” қисқа даврда фуқаролар қалбидан жой олди.

Ҳақиқатдан ҳам, “Адолат қабулхонаси” одамларнинг мурожаатлари билан ишлашда, қолаверса, ҳал этилмай келаётган жумбоқларни ечишда муҳим воситага айланди. Энг муҳими шундаки, фуқароларнинг мурожаатини эшитиш ва ижобий ечим топиш, дардига малҳам бўлишда анча қулайликлар туғдирди. “Адолат қабулхонаси”га юртдошларимиз томонидан қилинган мурожаатлар сони 2021 йилнинг январь-июнь ойларига  келиб 158 тани ташкил этди. Шундан  124 та мурожаат ижобий ҳал этилиб, ўз ечимини топди. 34 та мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди.  Аниқ маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак,  шу кеча-кундузда “Адолат қабулхонаси”га келиб тушаётган ҳар қандай оғзаки ва ёзма шикоятлар эътиборсиз қолдирилмаяпти.

Масалан, жорий йилнинг  апрель  ойида Қарши шаҳридаги  “Маҳаллот” МФЙда истиқомат қилувчи  фуқаро Рухсора Тошпўлатова  уй-жой кредити шартномаси қайта огоҳлантиришсиз тузилганлиги, умуман, шартномадаги келишилган ишларда ноқонуний ҳолатлар кузатилганлиги  сабаб  “Адолат қабулхонаси”га ёзма равишда мурожаат қилади. Биз ушбу аризани  мутахассислар ва депутатлар иштирокида ўрганиб чиқиб, камчилик ижросини таъминлаш юзасидан Ипотека банкига мурожаат қилдик ва фуқаро арзи ўз жойида ечим топди. Худди шу каби шикоят билан Яккабоғ туманидаги Бешўғли маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Дилфуза Мейлиева ҳам мурожаат қилади. У ўз аризасида ёзишича, уй-жойини таъмирлаш учун тумандаги банклардан кредит олишда муаммолар бўлаётганини баён қилган. Биз масъуллар иштирокида шу ой бошида ушбу мурожаатни  ўрганиб, Яккабоғ туманидаги АТБ Микрокредитбанкдан  Муҳаббат Рустамовага  етти миллион сўм  кредит олишида амалий ёрдам бердик. Бундан ташқари, Касби туманидаги  “Майманоқ” МФЙда яшовчи фуқаро Пўлат Рўзиев бандлик масаласида “Адолат қабулхонаси”га мурожаат қилди. Унинг аризаси ҳам  мутахассислар иштирокида ўрганиб чиқилиб,  2 мартдан эътиборан у ўз тадбиркорлигини йўлга  қўйиб олишида кўмаклашилиб, бандлиги таъминланди.

Амалдаги йилнинг 20 апрель куни  Қамаши тумани “Қизилтепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро Дилшод Ўтаганов ички йўлларнинг носоз ҳолга келиб қолганлиги аҳолига жиддий қийинчиликлар туғдираётганидан шикоят қилади.  Унинг мурожаати ҳам обдон ўрганилиб,  ижобий ҳал этиш юзасидан туман ободонлаштириш бўлимига ёзма равишда маълумот тақдим қилган эдик. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай  хатимизга    туман ободонлаштириш бўлими ишчи  хизматчилари  Қизилтепа МФЙ  ички йўлларида  шағал-тош ётқизиш, пиёдалар йўлакчасини таъмирлаш ишларини бошлаб  юбордилар.

Шаҳрисабз туманидаги “Сарчашма” маҳалласида умргузаронлик қилиб келаётган  Насиба Аширова   анча  вақтдан бери тадбиркорлик қилиш истагида эди. Бироқ, банкдан кредит олишда турли муаммоларга дуч келаётганлиги сабабли ниятини амалга ошира олмасдан келаётганди. “Адолат қабулхонаси”га қилган мурожаати унинг мушкулини аритди. Қабулхонамиз масъуллари  ва депутатлар кўмагида Ипотека банкининг  туман филиалига юборган хатимизга асосан Насиба Ашировага кредит ажратиладиган бўлди. Ушбу кредит эвазига Насиба Аширова айни дамда иссиқхона ташкил этиш ҳаракатини кўра бошлади.

Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳрининг “Боғишамол” маҳалласида яшовчи фуқаро Шаҳло Пирназарова партия қабулхонасига мурожаат қилиб, газ таъминоти бир неча кунлардан бери  асосиз равишда йўқлигини билдиради. Партия фаоллари ва депутатлар, мутасаддилар иштирокида бу муаммо ҳам жойида ўрганилиб, шаҳар ҳудудгаз томонидан шу кеча-кундузда  қувурларни таъмирлаш ишларига киришилди.

Миришкор тумани “Айзобод” маҳалласида яшовчи фуқаролар симёғочларнинг яроқсизлиги туфайли бир неча кундирки хонадонлар электр тармоқларидан узилиб қолаётганлигидан шикоят қилишди. Мурожаат бўйича туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари номига депутатлик сўрови чиқарилиб, муддатини ўтаб бўлган симёғочлар янгисига  алмаштириб берилди.

Деҳқонобод тумани “Боғчорбоғ” маҳалласида истиқомат қилаётган фуқаро Шоди Пўлатов бир неча йиллардан бери тадбиркорлик билан шуғулланиш учун маблағ, ҳуқуқий тушунтиришга муҳтож эди. Кўп марта тумандаги тегишли идораларга мурожаат қилиб, қониқарли жавоб ололмади. Сўнг шу йил апрель ойининг бошида “Адолат қабулхонаси”га ариза билан мурожаат қилди. Биз унинг шикоятини обдон ўрганиб чиқдик. Эътирози ўринли экан. Шуни ҳисобга олиб, туман ҳокимлигига хат ва ҳоким ўринбосари номига депутатлик сўрови юбордик. Шунга асосан фуқаро Шоди Пўлатовга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун ер ажратилиб,  иссиқхона қуриб берилди.

Умуман олганда, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев бошлаб берган халқ билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг мурожаат ва шикоятларини  тинглаш,  камчиликларни ҳар бир ҳудуднинг ўзида  бартараф этиш  фуқароларнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлайди.  Бугун “Адолат қабулхонаси” фаолияти ҳам аҳоли учун катта қулайлик туғдириши билан бир қаторда анча вақтдан буён ечим топмай келаётган мушкулини енгиллаштиришда нафи тегмоқда.  Бундан  баҳраманд бўлганлар  мамнун.

                                                             Дилрабо ЧОРИЕВА,

                                         Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши бош

                                          мутахассиси

                                                                  

 

    

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+