Одамларда адолатга ишонч ортяпти

23.12.2021 16:12:13

Муҳтарам Президентимиз бошчилигида аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш, муаммоларини жойида ҳал этиш, ҳаётдан рози қилиш борасида юртимизда катта ишлар амалга ошириляпти. Шунга монанд “Адолат” СДПнинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари, идора ва ташкилот  раҳбарлари шаҳардаги “Буюк Турон” МФЙ аҳолиси хонадонларида бўлиб, фуқароларни қийнаб келаётган кўплаб муаммоларни тингладилар. Аҳолидан тушган мурожаатлар муҳокама қилинди, фикрлашилди, аксариятига эса шу жойнинг ўзида ечим топилди.

Мурожаатлар таҳлилидан шу нарса маълум бўлдики, шаҳар аҳолисини ички йўллардаги носозликлар, электр энергияси таъминотидаги узилишлар, уй-жой, коммунал хизматлар, кредит олиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш муаммоси қийнамоқда.

-Бизни ташвишлантираётган энг катта муаммо ички йўлларни асфальт қилинмаганлиги,-деди учрашувда фуқаролар номидан мурожаат этган Фароғат Жумаева,-Шу масалада мутасадди идораларга мурожаат қилдик, лекин муаммога ечим топилмаяпти.

Ушбу муаммони депутат Чамангул Муҳаммадиева назоратга олиб, шаҳар ҳокимлиги ва ободонлаштириш бошқармаси ҳамкорлигида масалага ечим топди. Аҳоли мурожаати  асосида тез кунда  маҳалла ички йўллари асфальт қилинадиган ва пиёдалар йўлакчасига бетон қопламалар ётқизиладиган бўлди.

МФЙ раиси Муборак Хўжаева эса кўпгина хонадонларда электр энергияси пастлиги юзасидан шикоят қилди. Унинг арзи ҳам партия фаоллари ва депутатлар томонидан ўрганилиб, шаҳар электр тармоқлари томонидан мавжуд трансформатор ўрнига янгиси қўйиладиган бўлди. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотда 10 нафар фуқароларга  кредит олишда кўмаклашилди. 16 нафар ишсиз ёшлар мавсумий ишларга жалб этилди. 5 нафар фуқаронинг уй-жой билан боғлиқ муаммоси ҳал этилди.

Ўрганишлар давомида маҳалла аҳолисини қийнаб келаётган 50дан ортиқ муаммоларга шу ернинг ўзида ечим топилди. Вақт талаб этадиган мурожаат бўйича масъуллар бириктирилиб, ўз вақтида ижросини таъминлаш юзасидан мутасаддилар олдига аниқ вазифалар  қўйилди ҳамда депутатлар томонидан назоратга олинди.

                                                                             Акмал Ҳайитов,

                                                  “Адолат” СДПнинг Қарши шаҳар Кенгаши

раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+