Ўғирланган Қуръони Каримнинг ноёб қўлёзмаси топилди

22.08.2022 11:08:31

Бир неча кун аввал 9 августдан 10 августга ўтар кечаси Чортоқ тумани «Балиқкўл» МФЙда жойлашган Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи музейида сақланаётган Қуръони Карим»нинг ноёб қўлёзма нусхаси ўғирлаб кетилганлигини хабар қилган эдик. Бу нохуш воқеа юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми «в», «г» бандлари бўйича жиноят иши қўзғатилганди.

Ижтимоий тармоқларда мазкур ҳолатни содир этган шахслар қўлга олинганлиги ҳақида маълумотлар тарқалди. Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати берган хабарга кўра бошқарма ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида қўлёзма нусхаси Наманган шаҳрининг Навоий кўчасидаги кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонга яшириб қўйилгани аниқланган. Ўғирликда гумон қилинаётган икки нафар шахс ушланган. Маълум қилинишича, уларнинг бири Чортоқ туманида, иккинчиси эса Наманган шаҳрида яшайди.

Ҳозирча ўғирликда гумон қилинаётганларнинг мақсади ва жиноят содир этилишининг сабаблари номаълум. Айни пайтда ноёб қўлёзма тегишли мутахассислар кўригидан ўтказилган. Китобга ҳеч қандай зарар етмаганлиги аниқланган.

– Ички ишлар органлари ходимларига ҳар қанча раҳмат айтсак арзийди, - дейди Наманган шаҳрида яшовчи «Адолат» СДП фахрийси Баҳодир Болтабоев. – Чунки бундай ўғирлик миллий маънавиятимизга берилган зарбадан бошқа нарса эмас. Мазкур нохуш ҳодиса кенг жамоатчилик томонидан қаттиқ қоралангани бежиз эмас. Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда сон-саноқсиз чиқишлар бўлди. Мана энди, барчанинг кўнгли жойига тушди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+