Оила бахти фарзандлар тарбиясига боғлиқ

14.07.2021 12:07:35

Бугунги кунда ҳар қайси халқ, давлат ва жамиятнинг ривожланиш омили инсон, унинг соғлиғи ва турмуш даражасига берилаётган эътибори, шу йўлдаги саъй-ҳаракати билан ўлчаниши барчамизга кундек равшан.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, келажак авлод пойдевори, аниқроғи, инсон шахсини шакллантириш аввало оиладан бошланади. Шу боис, оилада бола тарбиясига эътиборни кучайтириш ҳамда оилани мустаҳкамлаш масаласи ўта муҳим ҳисобланади. Дарҳақиқат, оила қанчалик аҳил, мустаҳкам бўлса, жамият шунчалик ривожланади. Жамият ривожи эса давлатнинг буюк бўлишига олиб келади. Оилада тинчлик, тотувлик, файзу барака бўлса, жамият тинч, осойишта,барқарорлик ҳукм суради. Оила маънавият қўрғони, тарбия маскани бўлиб, айнан оилада Ватан келажаги камол топади.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда қилинаётган барча ишлар биринчи галда ёшларимизнинг бахту саодати, уларнинг ёруғ келажаги йўлида амалга оширилмоқда. Одобли ва билимдон, ақлли ва соғлом, меҳрибон ва меҳнатсевар фарзанд нафақат ота-онасининг, балки бутун жамият, давлатимиз ва халқимизнинг битмас-туганмас бойлигидир. Ёшларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, маънавият қўрғони бўлган оилани мустаҳкамлаш барчамизнинг бурчимиз эканлигини зинҳор ёддан чиқармаслигимиз лозим. Кейинги пайтда бўлажак ке­лин-куёвларни тиббий кўрикдан ўтказишга, қизларнинг эрта турмушга чиқишининг олдини олишга қатъий эътибор қаратилмоқда.

Ўзбек  халқи  тарихига  назар  ташлайдиган  бўлсак,  энг  қимматли  анъаналар: ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарму ҳаё, меҳру оқибат, меҳнатсеварлик каби барча инсоний фазилатлар, энг аввало, оилада шаклланишининг гувоҳи бўламиз.

Оила жамиятнинг мустаҳкам таянчи ҳисобланади. Кучли жамиятнинг пойдевори ҳам оиладир. Юртимиз тараққиёти оилалар фаровонлиги, унда вояга етаётган фарзандларнинг соғлом ва баркамоллиги билан боғлиқ.

Бугунги кунда давлатимиз томонидан қаратилаётган эътибор сабабли намунали оилалар сони йил сайин кўпайиб бормоқда. Туманимизда ҳам ҳар жиҳатдан барчамизга ўрнак бўладиган оилалар кўпчиликни ташкил қилади.  Мен ҳам Термиз туман “Шароф Рашидов” маҳалласида истиқомат қиламан. Менинг оилам ҳам мазкур намунали оилалар қаторида бўлганлигидан жуда фахрланаман.Турмуш ўртоғим Дониёр Жўраев билан 6 нафар: 5 нафар ўғил, 1 нафар қиз фарзандни муносиб тарбия қилиб, эл корига ярайдиган фарзандлар этиб вояга етказдик. Ҳозирги кунда фарзандларим юртимиз тараққиёти йўлида муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Айни пайтда 20 нафар набираларимнинг севимли бувижониси бўлиб, кексалик гаштини сурмоқдаман. Фарзандларим ҳамда набираларимга ўгит-насиҳатларимни аямайман. Айниқса набираларим даврасида китоб мутолаа қилиб, тарбиявий жиҳатлари билан фикр алмашишни асло канда қилмайман. Оқибатли, меҳрли бўлган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам бир-бирига меҳр-оқибатли бўлади. Албатта, шундай оилада камол топган фарзандлар жамият тараққиёти учун ҳам хизмат қиладиган ўғил-қизлар бўлиб улғаяди. Зеро, оила бахти фарзандларимиз кулгусида мужассамдир.

 

Ойсифат БОЗОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП “Адолатли қайнона” Республика кўрик танлови Термиз туман ғолиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+