Оила – мустаҳкам қўрғон

18.07.2022 11:07:46

Маълумотларга кўра Республикамизда жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида, яъни 1 январдан 1 июнгача 20 798 та оила расман ажрашган. Бу рақамлар – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4700 тага кўпайган. Ушбу маълумотга кўзим тушдию кўз олдимдан катталарнинг ўйламай қўйган қадамлари таъсирини ҳазм этишга қийналиб турган, улар жаҳл устида қилган қарорларининг бадалини тўлашга мажбур бўлаётган болажонлар ўтди. Тасаввур қилинг, агар ушбу оилаларда 2-тадан фарзанд бўлса бу қарийб 42 000 болани ота ёки она меҳрисиз қолишга мажбур бўлган. Тенгдошлари ота-онасини қўлидан тутиб юрганини кўрганида юрагида соғинч, кўзида мунг билан боқиб туришларини ўйлаб юрагим эзилди.

Оила. Унинг маънавий, иқтисодий, ҳуқуқий асослари қандай бўлиши керак? Уни ташкил қилувчилар нималарга тайёр бўлиши керак? Уни ташкил қилувчилар ўзларини қандай ҳис этиши керак? Бу кўникмалар келин-куёвда болалик йилларидан ота-онаси томонидан шакллантирилиши керакми, йўқми? Оила икки киши томонидан муқаддас қўрғон сифатида тузилиб, уларнинг иккиси ҳам қураётган оилаларининг келажагини чиройли рангларда тасаввур эта олишлари керак. Масалан, улар келажакда биргаликда пул топиб, уй олиш, фарзандларини соғлом вояга етказиш, биргаликда ўз соғликларини авайлаш, иқтисодларини тиклаш масалаларини муҳокама қилиб, бу масалаларни ҳамкорликда ечишга эришишлари керак.

Ёш оила ҳамиша маънавий, ҳуқуқий тавсия ва кўмакларга муҳтож бўлади. Оила шундай нозик ва ёт таъсирларга таъсирчанки, буни сезган одамлар албатта оиланинг келажагини тасаввур этишда мана шу масалаларга эътибор қаратишса яхши бўлади. Кўпинча оилалар ўзларининг ёт таъсирларга дуч келиши ва бу ҳолатдан қандай чиқиб кетишни билмасликлари туфайли барбод бўлади. Масалан, рашк, телефонда сўзлашишлардан шубҳаланиш, кўнгил қўрғонини нопок шубҳалардан тозалаш, келажакка катта ишонч билан қадам қўйиш ва бошқалар оилани сақлаб қолувчи омиллардан саналади.

Ҳурматли юртдошлар, оилаларни мустаҳкам бўлиши ва уларни ҳар қандай шароитда сақлаб қолишга ҳисса қўшайлик. Чунки оила инсонларнинг келажагини бахтли қилиш ва уларни турли таъсирлардан, тақдирнинг бешафқат зарбаларидан омон олиб ўтишнинг мустаҳкам қўрғонидир.

Мадина ВАҲОБОВА,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати,

Паяриқ туман 1-сон ФҲДЁ мудираси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+