Оила тинчлиги – жамият фаровонлиги асоси

06.10.2022 12:10:10

Бизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошлаган барча ислоҳотларимиз ҳар биримизнинг бугун ва келажакда фаровон ҳаёт кечиришимизни таъминлашга қаратилган.

Ҳозирги таҳликали замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият она Ватанимиз тақдирига янада улкан масъулият билан ёндашиб, кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда. Албатта, ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий қиёфаси тубдан ўзгарди. Эртанги кунини ўйлаган халқлар ва давлатлар ўз келажаги ҳақида бугун ҳар қачонгидан ҳам жиддий бош қотирмоқда. Асосий қонунимизга фуқаролар томонидан берилган таклифларни пухта ишланган ҳуқуқий нормалар орқали Конституциямизда акс эттириш – давр тақозосидир.

Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ оилавий муносабатларни қонун йўли билан тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Асосий Қонунимизнинг XVI боби оилавий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга бағишланиб, Конституциянинг 63-моддасида оила давлат ва жамият муҳофазасида эканлиги алоҳида белгилаб қўйилган.

Дарҳақиқат, бош қомусимизнинг 63-моддасидаги амалдаги таҳрири бундай: «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади». Мазкур модда қуйидагича таҳрирга ўтказилиши таклиф этиляпти.

Оила жамиятнинг табиий ва асосий бўғини, аҳолини сақлаб қолиш ҳамда кўпайтириш негизи сифатида жамият ва давлатнинг алоҳида муҳофазаси остида бўлади.

Никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур бўлган ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитларни яратади.

Давлат кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлайди.

64-моддада ота-оналар зиммасига юклатилган вазифалар уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига ҳам юклатилмоқда. Бу вазифалар қаторига болаларни вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялашдан ташқари, уларнинг таълими, соғлом ва тўлақонли камол топиши ҳақида қайғуриш ҳам қўшилмоқда.

65-моддадаги: «Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади» деган жумла ўрнига қуйидагилар ёзилади:

Боланинг манфаатлари, болаларнинг тўлақонли, жисмоний, ақлий ва маданий ривожланиши учун барча шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишидир.

Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросидан фахрланиш туйғусини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Зеро асосий қомусимизда боланинг манфаатлари, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш устувор йўналишлардан бири сифатида ўз аксини топиши зарур. Шу билан бирга, давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, доимо қўллаб-қувватлашини мустақил қоида сифатида белгилаб қўйишимиз керак. «Ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлиғи, тўлақонли ва баркамол ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш ҳуқуқига эга ва бунга мажбурдир», деган қоидани киритиш ёш авлод тақдири учун масъулиятни янада оширишга хизмат қилади.

Бугунги кунда юртимизда 1 миллионга яқин имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларимиз ҳаёт кечирмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга тенг шароитларни яратиш борасидаги давлат сиёсати мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Энди, ногиронлиги бўлган инсонлар – жамиятнинг тўлақонли аъзолари, деган тамойил негизида уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва кафолатларини белгилаб қўйиш инсоний бурчимиздир. Жумладан:

«Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар қандай ажратиб қўйиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклаш, объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бош тортиш тақиқланади. Давлат уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини амалга ошириш учун зарур шароитларни ва тенг имкониятларни яратади. Алоҳида эътиборга муҳтож бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилиши таклиф қилинмоқда. Бу – ўта муҳим ва жуда тўғри белгиланган конституциявий қоидадир. Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш – барчамизнинг бош мақсадимиздир!

Хулоса қилиб айтганда оилавий муносабатларни қонун йўли билан тартибга солиш, биринчидан, оилаларнинг барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилса, иккинчидан, фарзандларни миллий қадриятлар ва анъаналарга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Музаффар Раупов,

Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судъяси.

Дилрабо Чориева,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши фаоли.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+