Олдимизда турган мураккаб вазифалар оз эмас

21.10.2021 10:10:45

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили Исроилжон Жўраев сайловчилар билан учрашувларни давом эттирмоқда. Навбатдаги мулоқот қадимий ва навқирон Чустда бўлиб ўтди. Туман халқ таълими бўлими қошидаги “Баркамол авлод” марказига тўпланган маҳалла фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, таълим муассасаларининг раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари номзодимизнинг сайловолди дастури билан қизиқиб танишдилар.

Ишончли вакил - “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев тадбирни қисқача кириш сўзи билан очди ҳамда штирокчиларга номзоднинг  таржимаи ҳоли ва фаолияти  тўғрисида ҳикоя қилиб берди. Сайловолди дастури билан таништириш эса интерфаол усулда олиб борилди. Мазкур ҳужжатда илгари сурилган  илғор ғоялар, асосий масалалар, таклифлар барчага маъқул тушди.

– Мен қаторасига иккинчи чақириқ туман кегашининг депутатиман, - дейди халқ депутатлари Чуст туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси, 41-умумтаълим мактаби директори Шуҳратжон Мадолимов.  – Кейинги йилларда мамлакатда  халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ролини кучайтириш,   ижро ҳокимияти фаолияти  устидан  жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича анчагина иш қилинди. Бироқ олдимизда турган мураккаб вазифалар оз эмас.

Депутат ўз сайлов округидаги сайловчилар изҳор этган мулоҳазаларга ҳам тўхталди. Хусусан, кўпчилик дастурдаги  жиноятчиликка, порахўрликка, таъмагирликка, зўравонликка қарши муросасиз курашиш ғояларини қўллаб-қувватлашини айтмоқда.

Учрашувда сўзга чиққан 7-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчиси Феруза Ҳамидова,  69-мактабгача таълим ташкилоти директори Муҳайё Ғафурова, “Адолат” СДП туман кенгашининг раиси Беҳзод Сиддиқов ва бошқалар дастурда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тўғрисида ҳам атрофлича  фикр юритилганлигини таъкидладилар.

Учрашув якунида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар.

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+