Олмазорда “Аёллар дафтари”даги муаммолар ўрганилди

07.04.2021 12:04:16

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши Аёллар қаноти томонидан пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги  133-мактабида 9 та маҳалла фаоллари иштирокида “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар” билан боғлиқ масалалар бўйича тушунтириш ва тарғибот ишларига бағишланган тадбир ўтказилди. Ушбу тадбир мамлакатимизда хотин-қизлар ҳамда ижтимоий ҳимояга мухтож ахоли қатламининг эхтиёжларини қондириш, талаб ва таклифлари асосида ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди. 

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар” бўйича маҳаллабай, фуқаробай ишларни амалга ошириш тизими йўлга қўйилди. Бу борада ҳар бир маҳаллага мутасаддилар бириктирилган. Маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам мазкур ишларнинг боришида ўз ваколатлари доирасидаги ишларни амалга ошириб келмоқда.

Тадбирда иштирок этган Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов партиянинг ушбу тизим бўйича олиб бораётган тарғибот ҳамда кўмак ишлари билан йиғилганларни таништирди. Шунингдек, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари билан бирга “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар” бўйича Олмазор туманида бажарилаётган ишлар ҳолати билан яқиндан танишди. Маҳалла фаоллари ва аҳоли томонидан билдирилган таклиф ҳамда фикрларни ўрганди. Шунингдек, ушбу йўналишдаги ишларнинг самарали ишлаши учун кенг тушунчалар бериб ўтилди. Таъкидлаш керакки, билдирилган таклифларда кўпчилик ушбу тизимнинг мазмун-моҳияти ҳақида етарлича билим ва тасаввурга эга эмаслиги ойдинлашди. Шундан келиб чиқиб депутатлар “Аёлллар дафтари” ва “Темир дафтар”га қандай фуқаролар киритилиши, уларга кўрсатиладиган ёрдамларнинг нималарда акс этиши, уларни ушбу дафтарлардан қандай ҳолатда ва қай тартибда чиқарилиши бўйича ҳам маълумотлар айтиб ўтилди.

  Тадбир давомида шу кунгача “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар”дан кимлар ижтимоий ёрдам олганлиги ва нима сабабдан эканлиги бўйича маҳалла вакиллари сўзга чиқди. Шунингдек, рўйхатда навбатда турганлар ва мураккаб муаммоли ҳолатлар ҳам тилга олинди. Масалан, тумандаги Хончарбоғ маҳалласида истиқомат қилувчи Дилфуза Алимова ўзи ва фарзандининг ногиронлиги, айни пайтда онкологик хасталиги ва уй-жойга мухтожлиги учун “Темир дафтар”га киритилган. Депутатлар томонидан бу турдаги эхтиёжманд ахолига уй-жой учун давлат томонидан субсидиялар ажратилиши белгиланганлиги ва уни олишдаги тартиб-қоидалар бўйича атрофлича тушунчалар берилди.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+