Олов тилсиз ёв

16.01.2024 17:01:31

Огоҳлик давр талаби

Олов тилсиз ёв

Юртимизда куз-қиш мавсумининг бошланиши билан ташкилот, муассаса, корхона ва аҳоли хонадонларини иситишга бўлган талаб ортиб боради. Таҳлилларга кўра, республикада содир бўлаётган ёнғинларнинг 90 фоизи аҳоли хонадонларида юз бермоқда.
Халқ депутатлари Сўх туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Амирали Сафаров ташаббуси билан туман Фавқулодда вазиятлар бўлими билан ҳамкорликда Сўх педагогика коллежида аҳоли вакиллари иштирокида тарғибот тадбири ташкил этилди.
Маълумотларга кўра, 2023 йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида 8 минг 293 та ёнғин содир бўлган. Тадбирда мутахассислар томонидан ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаб ва омиллари таҳлил этилди. Фуқароларнинг иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиши, хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслиги оқибатида кўнгилсиз воқеалар содир бўлиши кузатилмоқда. Куз-қиш мавсумида кўпчилик аҳоли хонадонларида қўлбола иситиш жиҳозларидан фойдаланиш натижасида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Шунингдек, газ тармоқларига резина шланг орқали уланиш, дудбуронларни ўз вақтида тозаламаслик, уй ичини иситиш мақсадида очиқ оловдан фойдаланиш ҳам заҳарланишга олиб келиши сир эмас.
Учрашувда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш, зилзила, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилиш кераклиги бўйича тушунчалар берилди. Ҳар қандай шароитда ҳам огоҳлик инсонлар учун ҳамиша муҳим эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+