Ўқувчилар ҳуқуқий онгини ўстириш - долзарб вазифа

15.03.2021 17:03:38

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши, вилоят адлия бошқармаси ва халқ таълими ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги 42-информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган таянч мактабида “Бола ҳуқуқларининг  кафолатлари” тўғрисидаги қонуннинг мазмун-моҳиятини ўқувчилар онгига сингдириш” мавзуида тадбир бўлиб ўтди. Унда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Ёшлар иттифоқи ва маҳаллалар аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Кун тартибидаги “Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг  таъсирчан тизимини яратиш ҳақида” ҳуқуқшунос Дилрабо Чориева маъруза қилди.

Нотиқ Президентнинг 2020 йил 29 майдаги “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) га   Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилгани хусусида батафсил тўхталди. Аввало, бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг вазифалари нималардан иборат? БМТнинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш, болалар ва уларнинг қонуний вакиллари орасида бола ҳуқуқлари, эркинликлари, манфаатларини  ҳимоя қилиш, аҳоли ўртасида болаларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга кўмаклашиш юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, тадбирда адвокат, партия фаоли Норсафар Норматов, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов, партиянинг Қарши шаҳар Кенгаши раиси Адҳам Сайниязов ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, имконияти чекланган болалар, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбия муассасаларини тамомлагандан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш, уй-жой билан таъминлаш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида бола ҳуқуқларига риоя этилишини доимий мониторинг қилиб бориш учун қонунда белгиланган вазифалар ижроси ҳақида тушунтиришлар берилди.

Тадбир савол-жавоблар асосида уюштирилгани боис ўқувчилар  етарли билим ва кўникмага эга бўлдилар.

                                                                                     Фахриддин Йўлдошев,

            Қарши  шаҳридаги 42-информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган таянч мактаби  директорининг ўқув тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+