Ўқувчилар коррупцияга қарши

12.02.2021 12:02:49

58-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги йирик таълим-тарбия масканларидан бири. Бу ерда 1855 нафар ўғил-қиз ўқийди. Уларга  112 педагог билим беради. Устозлар болаларнинг ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб етишишлари учун барча имкониятларни сафарбар этмоқдалар.

- Ёшларни жамиятда рўй бераётган жараёнлардан хабардор қилиш бугунги кундаги муҳим вазифалардан ҳисобланади, - дейди мактаб директори Улуғбек Каримов. - Биринчи навбатда улар юртимизда ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларини англаб етишлари зарур. Шу билан бирга ҳозир мамлакатда коррупцияга қарши кураш авж олдирилаётган экан, ўқувчиларда ҳам бу ҳақда тасаввур бўлиши керак. Шунинг учун “Адолат” СДП вакиллари ушбу мавзуда иншо ёздириш таклифини билдирганларида ҳаммамизга маъқул тушди.

Албатта, тадбирга пухта тайёргарлик кўрилди. Шу мавзуда 6-11-синф ўқувчилари ўртасида суҳбатлар ўтказилди. Болаларга масаланинг моҳияти атрофлича тушунтирилди. Ўзаро савол-жавобларда мавзунинг қатор янги қирралари очиб берилди. Қисқаси, коррупция  ҳақида ҳаммада маълум даражада тушунча шаклланди.

Ниҳоят, белгиланган кун етиб келди. Мактабга Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси ўринбосари  Ёрқиной Ҳожиматова бошчилигидаги фаоллар ташриф буюрдилар. Улар педагоглар билан биргаликда “Биз коррупцияга қаршимиз!” мавзуидаги иншолар  ёзилишини ташкилий жиҳатдан юқори савияда ўтказилишига кўмаклашдилар.

- Иншо ёзишда жами 58 ўқувчи қатнашди, - дейди мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Дилмира Тожибоева. - Улар коррупциянинг жамият  тараққиётига  салбий таъсирини ёритиб беришга ҳаракат қилдилар. Шу билан бирга ёшларнинг бу иллатга  қарши кураш усуллари ҳақида умумий мулоҳазалар билан чекланганликлари кўринди. Демак, уларга  коррупциянинг  илдизлари нималардан иборат эканлиги, бу иллатни бартараф этиш учун қандай чора-тадбирлар кўриш лозимлиги, бу  борадаги жаҳон тажрибаси ҳақида кўпроқ маълумот бериш лозим экан.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилояти Кенгаши раиси Исроил Жўраевнинг айтишича, худди шундай иншо танловлари бошқа мактабларда ҳам бўлиб ўтмоқда. Уларда сараланган ўқувчилар туман ва шаҳар босқичларида  қатнашадилар. Кейин эса навбат вилоят ва мамлакат босқичларига келади.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+