“Ўргимчак тўри” оламни ўзгартирди

29.07.2021 11:07:32

Яқинда Ўзбекистон “Адолат” СДП ўтказган ёшлар форумида иштирок этдим. Ижтимоий тармоқлар, уларда ёритилаётган материалларга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ҳақида фикр юритилди. Бу мавзу партиямиз томонидан жуда вақтида кўтарилди, деб ҳисоблайман. Ўзим ҳам шу ҳақдаги айрим фикрларни баён этдим. Чунки бу масаланинг долзарблиги ниҳоятда ошиб бормоқда. Демак, ўз вақтида таъсирчан чоралар кўрилмаса, кейин тузатиб бўлмайдиган оқибатлар юз бериши мумкин.

Биз яшаётган даврни бежиз ахборот асри деб атамайдилар. Чиндан ҳам ҳар қадамда қандайдир янгиликка дуч келасиз, ҳар дақиқада у ёки бу воқеадан хабар топасиз. Фақат улардан тўғри фойдаланиш, рости ва ёлғонини ажратиб олиш керак. Бу эса очиғини айтганда, ҳар бир кишининг қўлидан келавермайди.

Чунки нохолис ахборот тарқатаётган кимса ҳам анойи эмас. У шундай маҳорат билан матн тайёрлайлики, сохта маълумотлар ва ёлғон хабарларга лаққа тушиб қолиш ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳар биримиз ўқийдиган нарсамизни тўғри таҳлил қилишни ўрганишимиз зарур. Ўрни келганда уни бошқа бир нечта манбага таққослаш фойдадан холи эмас.

Биз партиямиз фаоллари билан биргаликда тадбирлар ўтказганда, ушбу масалани назардан қочирмаймиз. “Ўргимчак тўри”нинг фойдали ва зарарли тоионлари ҳақида тенгдошларимизга гапириб берамиз.  Улардан ҳеч қачон холисликни ва мустақил фикрлаш имкониятини бой бермасликларини сўраймиз. Акс ҳолда чув тушиб қолиш мумкинлигини қайта-қайта тушунтирамиз. Аслида интернетдан оқилона фойдаланилса, у инсон  билимини ва савиясини ошириш воситаси эканлигини ҳам уқтирамиз.

Мен яқинда шу соҳанинг тадқиқотчиси Беруний Алимовнинг мулоҳазаларини ўқиб қолдим. Олим тўғри таъкидлаганидай, кейинги 10-15 йил давомида дунё матбуотида энг кўп муҳокама қилиниб келинаётган масалалардан бири бу – Интернетнинг ёшлар аудиториясига қандай таъсир кўрсатаётганлигидир. Ҳаётмизнинг кўплаб жабҳаларида, жумладан, мактаблар ва олий таълим муассасаларидаги барча жараёнлар, қолаверса, кундалик маиший хизматлар, бизнес ва менежмент, юридик ва консуллик хизматларигача бирин-кетин виртуал дунёга кўча бошлади. Хориждаги университет профессорлари талабаларга масофавий дарс беришни маъқул кўриб, айрим маърузаларини “YouTube”га жойлаштирадиган бўлди.

Интернет ривожланиши баробарида унинг техник-технологик имкониятлари ва аудитория қамрови ҳам ошиб борди. “Ўргимчак тўри” инсонларнинг анъанавий суҳбатлашув шаклини тубдан ўзгартирди. Олис масофадан туриб нафақат эшитиш, балки кўриш имкониятининг юзага келиши билан виртуал суҳбатлар кескин оммалашди. Бугунга келиб нафақат “бир девор қўшни”лар, ҳатто бир оиланинг аъзолари ҳам ўзаро шу тармоқда “гурунглашмоқ”да. Кўпчилик кунини нонушта билан, балки у ёки бу ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифани кўздан кечириш билан бошлайди. Ер куррасининг қарийб 70 фоиз аҳолиси бирон-бир ижтимоий сайтда фаолдир.

 Б. Алимов тўғри қайд этганидай, “ўргимчак тўри”га илинган айрим ёшларнинг ўқиш ва ишга муносабати ўзгариб, ҳаётга бефарқлиги кучайиб бораётгани бор ҳақиқат. Интернетни бежиз ўргимчак тўрига ўхшатишмаган. Чунки тармоқ домига бир марта тушган одам, агар у ақлини ишлатмаса, бу гирдобдан чиқиши қийин бўлади. Муаммонинг ижтимоийлиги ҳам ана шунда. Виртуал тармоқни айрим хорижий экспертлар мажозий маънода ўткир болтага ўхшатади: унинг ёрдамида қуриган дарахтни чопиб, ундан ўтин тайёрлаш мумкин ёки айнан шу болта билан гуллаб-яшнаб турган дарахтни яксон қилиш ҳам мумкин. Шу сабабдан жаҳон тармоғини фақат мақташ ёки аксинча уни қоралаш мантиқсиз ишга ўхшайди.

Шулардан келиб чиққан ҳолда жаҳон тармоғидан самарали фойдаланиш, унда ёшлар аудиториясига фойдали бўлган миллий сегментни янада чуқурлаштириш, улар учун билим ва профессионал кўникмаларни бойитиш юзасидан янги имкониятларни яратиш тўғрисида кўпроқ бош қотириш даври келди, деган фикрга тўла қўшиламан.

Нозима АКБАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Мингбулоқ туман ташкилоти

“Ёш адолатчилар” қаноти раҳбари, “Ёшлар парламенти” аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+