Орол фожиасининг олдин олувчи тарихий ҳужжат бўлди

21.05.2021 22:05:49

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси билан чиқиб, жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор Орол фожиасига қаратган эди.

Жорий йилнинг 18-май куни бўлиб ўткан БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида юқоридаги резолюция лойиҳаси маъқулланди. Бу Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти обрўсини белгилаб берувчи алоҳида аҳамиятга эга қарор бўлди. Чунки БМТ даражасида бундай йирик лойиҳанинг қабул қилиниши, мамлакатимиз ҳаётида тарихий воқеа бўлди. Бундай хуш хабар барча ватандошларимизга, айниқса, Оролбўйи минтақаси аҳолисига катта хурсандчилик билан бирга фахр бағишлади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юқоридаги махсус резолюциянинг ишлаб чиқилиши ва БМТ томонидан қабул қилингани нафақат Ўзбекистон, балки Оролбўйи ҳудудида яшовчи халқлар учун жуда долзарб аҳамиятга эга ҳужжат бўлди. Сабаби Орол денгизи фожиаси ҳудуд экологиясига, ўсимлик ва ҳайвонот оламига, аҳоли турмуши ва саломатлигига салбий таъсирини кўрсатаётгани сир эмас.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз деб биламан, сабаби сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан Орол денгизининг қуриган тубида яшил ҳудуд, ўрмонзор ташкил этиш бўйича мисли кўрилмаган даражада катта кўламдаги ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Президентимиз БМТ Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида ҳам алоҳида тўхталиб, 2 миллион гектар ер майдонида ўрмонзор ташкил этилишини таъкидлаган эди. Бугунга қадар Оролнинг қуриган ҳудудининг 1 миллион гектар ер майдонида ана шундай яшил ҳудуд, ўрмонзор ташкил этилди. Бунинг учун катта куч ва маблағ йўналтирилди.

Маълумот сифатида келтириб ўтиш жоиз, Оролбўйи ҳудуди қийин экологик шароитга қарамай, табиати бой, турли ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эга ҳисобланади. Оролбўйи ҳудудида 213 турдаги юксак даражадаги ўсимликнинг 54 таси Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган. 273 турдаги умуртқали ҳайвоннинг 28 таси Халқаро Қизил китобга, 56 таси Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилганлиги таъкидланмоқда. Шу боисдан ушбу ҳудуддаги ўсимлик ва ҳайвонот олами эътиборга, муҳофазага муҳтож, уларни асраб-авайлашга эътибор қаратиш зарурияти мавжуд.

БМТ томонидан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюциянинг қабул қилингани ушбу йўналишдаги ишларимиз кўламини янада кенг миқёсда давом эттиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Умуман олганда, Оролбуйи ҳудудида кўкаламзорлаштириш, янги ўрмонзорлар барпо этиш ишларини изчил давом эттиришда Орол фожиасининг салбий оқибатларини бартараф этишда, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда ўрмон хўжалигини ривожлантиришга хизмат қилади.

 

 

Нурлыбай ҚАЙПБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+