Ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш – давр талаби

10.05.2021 21:05:00

Коронавирус сабаб соғлигимиз посбонлари бўлган шифокорларга эхтиёжимиз ортди. Айниқса, бирламчи тиббий хизмат кўрсатувчи ўрта тиббиёт ходимларига бўлган талаб кучайди. Шундан келиб чиқиб сўнгги вақтларда мамлакатимиз миқёсида ўрта тиббиёт ходимлари фаолиятини кучайтиришга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, яқинда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилинди. Унда ўрта тиббиёт ходимлари мавқеини ошириш билан биргаликда кўплаб янги имкониятларни яратиш кўзда тутилмоқда. Чунончи, уларга нодавлат тиббиёт муассасалари ташкил этишга рухсат берилиши орқали аҳолининг тиббий хизматга бўлган эҳтиёжларини тўла қондириш назарда тутилган. Бунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали тузилажак нодавлат тиббиёт муассасалари тегишли рўйхатдан ўтказилади. Ўз навбатида уларнинг аҳолига қай даражада сифатли тиббий хизмат кўрсатишини жиддий  назоратга олиб туриш лозим. Ташкил этиладиган ушбу нодавлат тиббиёт муассасаларига ўз ишининг етук мутахассислари раҳбарлик қилсагина тиббий хизматлар ўз вақтида ва самарали бўлиши мумкин. Яъни бу фақат бизнес мақсадга айланиб қолмаслиги даркор.

Шунингдек, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлайдиган давлат ва нодавлат таълим муассасалари кўплаб ташкил этилмоқда. Албатта, бу ишлар халқ эҳтиёжларидан келиб чиқиб амалга оширилмоқда. Бироқ ушбу муассасаларни битириб чиқадиган мутахассисларни иш билан таъминлаш масаласи долзарб аҳамиятга эга. Мазкур фармонда назарда тутилган ўзини ўзи банд қилиш имкониятлари бандлик муаммосини ҳам бартараф этади, деб ўйлайман. Бу эса тиббий хизматлар сони ўсиши, сифат даражасига ижобий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз.

 

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+