Ўрта тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш – давр талаби

20.05.2022 17:05:48

Маълумки, жорий йилнинг 18 март куни мамлакатимиз раҳбари бошчилигида тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Бу бўйича жорий йилнинг 17 май куни махсус Президент фармони ҳам эълон қилинди. Жумладан, унда шу йилнинг 1 июнидан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари, тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларнинг ойлик маошларини 10 фоиздан 15 фоизгача ошириш, шунингдек, Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасининг 75 фоизи гуруҳидан қатъий назар барча давлат тиббиёт муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришга, 25 фоизи тиббиёт муассасасининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, модернизация ҳамда таъмирлашга йўналтирилиши белгиланлиги қувонарли ҳол бўлди.

Шунингдек, оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационар иш вақтини соат 20:00гача узайтириш ҳисобига иккинчи сменада ишловчи шифокор ҳамда ҳамшираларга лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик қўшимча устамалар тўлаб берилиши белгиланлиги ҳам катта аҳамиятга эга. Зеро, ўрта тиббиёт ходимлари бўлмиш ҳамшира ва лоборантлар, патронаж хизматлари ўз мехнатларига мутаносиб равишда ойлик маош билан таъминланиши ва рағбатлантирилиб турилиши керак. 

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб эса даволаш профилактика муассасаларининг ходимларига уларнинг тиббиёт соҳасида ва меҳнат фаолиятида илмни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини инобатга олган ҳолда, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан доктори илмий даражаси учун лавозим маошининг 60 фоизигача ва фан номзоди ёки фалсафа доктори илмий даражаси учун лавозим маошининг 30 фоизигача миқдорда ҳар ойлик қўшимча тўланиши белгилаб қўйилди. 2022 йил 1 июлдан бошлаб вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан, шунингдек, хорижий давлатлардан Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Чимбой. Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғирот туманларига бориб ишловчи шифокорларнинг ойлик лавозим маошига дастлабки уч йил давомида 100 фоиз, Мўйноқ туманида эса 200 фоиз миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама тўловлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланиши белгиланлиги чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи, тиббий хизматларга эҳтиёжи баланд аҳоли учун қулай имкониятларни яратади. Шунингдек, тиббиёт муассасалари ходимлари бўлган оқ халатли халоскорлар ҳақида турли бадиий ва ҳужжатли фильмлар, кинолар олинишининг Президент фармонида мустаҳкамланганлиги яна бир қувонарли жиҳатлардан бири бўлди.

Тиббиёт ходимларига рағбатлар ва тиббиёт муассасаларининг жафокаш халқимиз учун барча шарт-шароитларини мустаҳкамлашга давлат даражасида юксак эътибор қаратилаётгани келгусидаги мамлакатимиз тараққиётининг муҳим омилларидан бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

 

Алишер ТОШТЕМИРОВ,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раисининг

Мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+