“Ўз аравасини ўзи тортиб ишлаган раҳбаргина пулнинг қадрига етади”

28.04.2021 19:04:27

Дея алоҳида таъкидлади  22 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев. Асосий масала ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаси йўналишларини ривожлантириш бўлган мазкур йиғилишда биргина хизматлар соҳасига 500 миллион доллар ажратилгани, агар соҳадаги раҳбардан тортиб ходимгача  ҳалол-пок ишласа, неча минг ишчи ўрни яратилиши ҳаётий мисоллар билан далиллаб берилди. Ушбу видеоселектор йиғилишни кузата туриб хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркор сифатида сергакландим. Айниқса шу йўналишда янги иш жойларини ташкил қилиш, соҳани замон талабалари даражасига олиб чиқиш ва ажратилган маблағни  ҳалоллик билан сарфлаш борасидаги камчиликлар борлигини тасдиқлагим келди. Чунки фаолият мобайнида хизмат кўрсатиш соҳасида ўз тадбироклигини очмоқчи ёки кенгайтирмоқчи бўлган тадбиркор дуч келадиган биринчи муаммо бу давлат рўйхатидан ўтишдаги мураккабликлар ва маблағ билан боғлиқ масала бўлади. Шу сабабли йиғилишда

– Вазирлар ўз соҳасида хусусий сектор фаолияти учун ҳуқуқий база яратиши, рухсат бериш талабларини соддалаштириб, тадбиркорликка йўл очиши зарур. Қаерда давлат корхонаси, қайси фаолият бўйича давлат-хусусий шериклик ёки хусусий сектор бўлиши аниқ қилиб белгиланиши керак, – деди Президент. Демак эндиликда хизмат кўрсатиш соҳасида янги иш ўринларини кам харажат билан ва тез муддатда ташкил этиш мумкин бўлади.

Шунингдек йиғилишда биз тадбиркорларни сектор раҳбарлари билан ҳамкорлигимиз билан боғлиқ бир оз сустлашаётган тизим ҳам танқид остига олинди. Яъни вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, маҳаллага бириктирилган масъуллар билан бирга “маҳалла – туман – банк” принципи асосида лойиҳалар рўйхатини шакллантириш вазифа қилиб берилди. Бунда, ҳар бир маҳаллада камида 20 турдаги, туман ва шаҳарда камида 70 та турдаги хизматлар бўлиши назарда тутилади. Шунингдек, Миллий банк томонидан 28 та йирик ва ўрта шаҳарларда туризм, транспорт, тиббиёт, таълим хизматлари ҳамда йирик савдо комплекслари ташкил этиш учун қўшимча 200 миллион доллар маблағ жалб қилинади. Умуман айтганда, бюджетдан ва Миллий банк томонидан хизмат кўрсатиш соҳасига жами 500 миллион доллар ёки 5,5 триллион сўм йўналтирилади. Натижада тадбиркор дуч келадиган маблағ билан боғлиқ масала ҳам ўз ечимини топади. Энг муҳими бу каби вазифларнинг амалиётдаги ижросини таъминлашда тадбиркорларга кўмаклашиш,  янги лойиҳаларни шакллантириб бориш механизми тўлиқ назоратда бўлади. Президентимиз  томонидан таъкидланганидек: “Топшириқ беришдан олдин шароит яратаяпмиз, пуллар ажратаяпмиз. Ҳар бир вазир ватанпарвар бўлиб, “ўзининг аравасини ўзи тортиб”, берилган бир сўм пулни қадрлаб, жойига етказса, одамлар ишонади. Зеро, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, хизматларни кенгайтириш, янги хизмат турларини йўлга қўйиш, илғор тажрибалар ва намунавий лойиҳаларни жорий этиш бўйича янги методология яратиш бугунги давр талабидир.

 

Акмалжон ҲАСАНОВ,

Халқ депутатлари Мирзаобод

туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+