Ўз болангни ўзинг асра!

19.05.2022 12:05:42

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати, Самарқанд вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўлими, вилоят прокуратураси, вилояти ички ишлар бошқармаси, вилоят Адлия бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти йўлида бирлашайлик” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

 

Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасалари талаба ёшлари, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари, уюшмаган ёшлар, партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган ушбу тадбирдан кўзланган мақсад, мамлакатимизда инсон қадри учун яратилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар, амалга оширилаётган ислоҳотларга шукроналик адо этиб, тинчлик, фаровонлик каби олий неъматларнинг қадрига етишга ундаш, дунёда кечаётган таҳликали замонда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи манфур иллатлардан барча фуқароларимизни, айниқса, ёшларни асраш, оилалар тинчлиги, хотиржамлиги ҳамда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарликларини олдини олиш, бир сўз билан айтганда, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш орқали кучли иммунитет яратишдан иборат эканлиги эътироф этилди.

Маърузачилар томонидан бугун дунёдаги нотинч, беқарор вазиятларнинг тобора кенгайиб бораётгани, терроризм, сепаратизм ва экстремизмнинг кўплаб давлатлар ривожига тўсқин бўлаётгани бу масаланинг нақадар долзарб эканини англатиши, ёши улуғ кексаларимизнинг тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган жойдан файз-барака аримайди деган нақлни унутмаган ҳолда юртимизни бундай бало-қазолардан асрашнинг муҳим шарти, фарзандларимиз қалбини маънавият ёғдуси билан ёритиш, оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, юрт тинчлигини кўз қорачиғидек асраб-авайлашдан иборатлиги, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъвати бугун ҳар бир оилага кириб бориб, ҳаёт аъмолига, эзгу вазифага айланиши зарурлиги таъкидланди.

Тадбир давомида ҳамкор ташкилотлар мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида юртимизда ҳукм сураётган тинчликни асраб авайлаш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятни юксалтириш орқали турли жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, фуқароларга маҳаллабай тизимда ҳуқуқий, тиббий, психологик, ижтимоий кўмак кўрсатиш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари бажарилиши устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари - маҳаллалар ҳаёти билан боғлиқ мақсад-вазифаларини амалга оширишга доир фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиб, бу борада келгусида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган масалалар хусусида ҳам келишиб олдилар.

Шу билан бир қаторда тадбирда “Рангларда ватан тасвири” шиори остида расмлар кўргазмаси, “Юртим ривожига менинг ҳиссам” шиори доирасида тадбиркорлик ва ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси, ватан, тинчлик, истиқлол мадҳига бағишланган куй-қўшиқлар ижроси ҳамда миллий урф одатларимиз намойиши ҳам ташкил этилгани тадбирга ўзгача кўрк бағишлади. 

Тадбир сўнгида партия мақсад ва ғояларини кенг оммага етказишда, амалиётга жорий этилишида фаол иштирок этаётган партия фаоллари, ёшлар тақдирландилар.

 

"Адолат" СДП Самарқанд вилояти матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+