Янгиликлар 404
Ўзаро ҳамкорлик кўплаб имкониятлар ва сармоялар оқимига йўл очади
Давлатимиз раҳбарининг Туркия давлатига расмий ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлиб, унда кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация ва ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича кўплаб шартномалар имзолангани икки давлат тараққиёти учун ҳам муҳим аҳамият касб этди ва уларнинг амалга оширилиши икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, икки давлатнинг савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш мақсадида, етакчилар илк бор етакчи компаниялар раҳбарлари билан қўшма йиғилиш ўтказдилар.
Кейинги йилларда Ўзбекистон -Туркия иқтисодий алоқалари юксак даражада ривожланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошгани бунинг далилидир. Келгусида қўшма корхоналар сони 1,5, 2 баробар, инвестициялар ҳажми 2,5 баробар кўпайиши аниқ мисоллар билан келтириб ўтилди.
Ташриф доирасида 10 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди.
Бу келишувлар икки мамлакат халқларининг фаровонлигига хизмат қилиши, Марказий Осиё минтақасида ижтимоий-иқтисодий иқлимни яхшилашга ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтиришга кучли туртки бўлган муҳим воқеа бўлди.
Давлат раҳбарлари ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш, етказиб бериш турларини кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, бир қатор давлатлар бозорларига биргаликда чиқиш, янги ўсиш нуқталари ва махсус саноат кластерларини яратиш бўйича тизимли ишлар юзасидан муҳим келишувларга эришдилар.
Энергетика, тоғ-кон саноати, электротехника, тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва фармацевтика саноати, шунингдек, соғлиқни сақлаш, туризм, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга икки томон ҳам интилишини билдирди.
Шу кунларда, Ўзбекистон -Туркия саноат кластерини ташкил этиш тўғрисидаги келишув юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Президентимизни Туркия Давлатига ташрифи бугунги кунда содир бўлаётган нотинч вазиятда қардош халқлар бирдамлигини сақлашга ҳам имконият яратди. Шунингдек, фаровон ҳаётимиз учун ташкил этилаётган бу каби манфаатли учрашувлар мамлакатимиз равнақи йўлида хизмат қилишига ишонч билдирамиз.
Шукурой МАДАМИНОВА,
«Адолат» СДП
Хива туман Кенгаши раиси.
Фикрингизни қолдиринг