Ўзбек тили байрамига бағишланди

22.10.2021 16:10:19

Бундан ўттиз икки йил муқаддам Ўзбекистонда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди. Ўтган йилдан бери 21 октябрда Ўзбек тили байрами нишонланмоқда.

Тил ҳар бир миллатнинг ўзига хос тимсоли, халқнинг руҳини ва маънавиятини белгилавчи воситадир. Шунинг учун уни асраб-авайлай, софлигини сақлаш ва ривожлантириш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Навоий ва Машраб, Бобур ва Муқимий каби даҳолар унинг воситасида ўзларининг улуғвор асарларини яратганлар, маърифатни кенг тарғиб этганлар. Бугун бутун мамлакатимизда кенг нишонланган Ўзбек тили байрамига бағишланган тадбирларда шу ҳақда фикр юритилди.

Наманган шаҳридаги 8-умумтаълим мактабида ҳам ушбу санага бағишланган тадбир бўлиб ўтди. У юқори синф ўқувчилари тайёрлаган “Тилга эътибор – элга эътибор” мавзуидаги шеърий композиция билан бошланди. Адабиёт ихлосмандлари ёддан ўқиган ғазаллар ва шеърларда юрт тарихи гавдалангандай бўлди. Ўзбек тилининг ривожланиш босқичлари, бу эзгу ишга ҳисса қўшган алломалар алоҳида тилга олинди. Бадиий ҳаваскорлик тўгараги аъзолари ижро этган қўшиқ ва рақслар барчада яхши таассурот қолдирди.

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Нурбек Абдуллаев мамлакатимизда давлат тилини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маъруза қилди. Бу борада қўлга киритилган натижалар ва мавжуд муаммолар атрофлича ёритиб берилди.  Давлат тили тўғрисидаги қонунни амалга татбиқ этиш бўйича ҳар бир фуқаро фаоллик кўрсатиши зарурлиги таъкидланди.

- Таълим масканимизда ўзбек тили ва адабиётини ўқиш масаласи доимо педагогик жамоамизнинг алоҳида диққат марказда туради, - дейди мактаб директори Баҳодир Абдурасулов. – Айниқса, адабий кеча, танлов, ижодкорлар билан учрашувлар ўтказиш яхши анъанага айланган. Бугунги тадбир ҳам ўқувчиларнинг она тилимизга қизиқишини ошириш йўлидаги яна бир қадам бўлди.

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+