Ўзбек тили байрамига бағишланди

21.10.2022 09:10:02

Тил – давлат тимсоли, мулки, руҳи, миллатнинг маданий ва маънавий бойлиги. У ҳар бир халқнинг маданияти, урф-одати, турмуш тарзи, тарихида ўз аксини топади. Қолаверса, аждодлардан бизга мерос бўлиб қолган энг катта хазиналардан бири шу. Айни кунларда Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида бўлиб ўтаётган кўплаб тадбирлар тил байрамига бағишланаётгани бежиз эмас.

– Чортоқда ҳам давлат тили тўғрисидаги қонун қабул қилинган сана муносабати билан кўплаб тадбирлар ташкил этилди, - дейди «Адолат» СДП туман кенгашининг раиси Ҳабибахон Мирабдуллаева. – Уларда партиядошларимиз ҳам фаол қатнашдилар. Иштирокчилар тилимиз ривожини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни алоҳида таъкидладилар. Шу билан бирга мавжуд камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Уларни бартараф этиш орқали юксак даражадаги маънавият ва маърифатга эришиш мумкинлиги қайта-қайта такрорланди.

Масалан, Чортоқдаги маданият марказида ташкил этилган байрам тадбири «Қадринг баланд бўлсин, она тилим!» шиори остида ўтказилди. Унда туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими, маънавият ва маърифат маркази ва бошқа ташкилотлар вакиллари, ижодкор-зиёлилар, ўқувчи-ёшлар иштирок этдилар. Сўзга чиққанлар бугунги кунда она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида тўхталиб, барчани байрам билан самимий табрикладилар. Пировардида тилимизни мадҳ этувчи шеърлар, қўшиқлар янгради. Маданият ходимлари, 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ёш ижрочиларининг концерт дастури ҳаммага манзур бўлди.

26-сонли умумтаълим мактабида ҳам «Ўзбек тилим - ифтихорим» номли адабий кеча бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Носиржон Деҳқонов хамда Боқий Мирзо иштирок этдилар. Тадбирда ўзбек тилининг ҳуқуқий мақомини белгилашда енгиб ўтилган қийинчиликлардан тортиб ҳозирги кунда унинг бой имкониятларидан кенг фойдаланиш учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритилди. Ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий қисм кечага янада файз бағишлади.

Туман «Баркамол авлод» мактабида эса байрамга бағишланган расмлар танлови ташкил этилди. Унда ўттиздан ортиқ ёш мусаввирлар қатнашдилар. Рассом-ўқувчилар Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» асаридаги қаҳрамонларнинг сиймоларини яратиш борасида баҳслашдилар. Энг яхши деб топилган расмларнинг муаллифлари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Байрамга бағишланган тадбирлар давом этмоқда.

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+