Ўзбек-тожик қондош, қардош халқ

16.06.2021 16:06:24

Ўзбек ва тожик бири қош бўлса, бири кўз. Барча қадриятлари, маданияти, санъати, меҳмоннавозлигигача бир-бирига ўхшаш. Бир сўз билан айтганда, биз бозорларимизу мозорларимиз, тўйу тантанамиз бир бўлган икки тилда сўзлашувчи битта халқмиз.

Дарҳақиқат, гўзал диёримиз Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув, иноқликда яшаб келмоқда. Улар ҳар соҳада фаолият юритиб, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишмоқда. Айниқса, кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан яқин қўшнилик алоқаларининг мустаҳкам йўл қўйилгани қардош халқлар билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Ўзбек ва тожик халқлари азалдан бир дарёдан сув ичган, қуда-андачилик, қариндошлик ришталари билан мустаҳкам боғланган.

Ўзбекистонда, барча миллат ва элатлар қатори, тожик маданиятини сақлаш ва ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатда 1,6 миллион нафар тожик миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилиб, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани таъкидланди. Улар орасида таниқли олимлар, тадбиркор ва фермерлар, ўқитувчи ва шифокорлар, турли даражадаги раҳбарлар бор.

Қолаверса, Ўзбекистонда 15 та тожик миллий маданият маркази миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда. Тожик тилида газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда. 255 та мактабда таълим тожик тилида олиб борилади. Бир қатор олий ўқув юртларида шундай факультетлар ва бўлинмалар фаолият юритмоқда. Жорий йилда ушбу йўналишларга қабул ўринлари икки баробар ортиши кўзда тутилган.

Мамлакатда кейинги йилларнинг ўзида тожик миллатига мансуб 130 фуқаро юксак давлат мукофотларига сазовор бўлди. Республикамиз миқёсида “Овози тожик” газетаси, шу билан бирга, вилоят ва туманларда ҳам тожик тилида газеталар чоп этилмоқда. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида бир қатор эшиттириш ва кўрсатувларнинг тожик тилида олиб борилаётганлиги ҳам юртимизда яшётган тожик халқига эҳтиром белгисидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўшни Тожикистон Республикасига ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада жадал суръатлари билан ривожланишига хизмат қилиши шубҳасиз. Чунки ташриф доирасида иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперацияни йўлга қўйиш бўйича умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган тижорат шартномалари, имзолангани, энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, фан, таълим, спорт ва шу каби кўплаб соҳаларни қамраб олган жами 30 дан ортиқ ҳужжатлар имзолангани ҳам юқоридаги сўзимизнинг далили.

Икки давлат раҳбарлари, Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаси Президентлари Хўжанд яқинидаги “Арбоб” маданият саройида Сўғд вилояти зиёлилари ва нуронийлари билан учрашуви чоғида Тожикистон Республикаси Президент Эмомали Раҳмон “Давлатларимиз ўртасида ҳал бўлмаган масала қолмади, ўзаро ишонч пайдо бўлди. Бундай муносабатларнинг ташаббускори ва архитектори Шавкат Мирзиёев”- деган сўзларини таъкидлаганлиги кўнглимда фахр ҳиссини ўйғотди.

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+