ЎЗБЕК ВА ҚИРҒИЗ ХАЛҚЛАРИ БАРЧА МАСАЛАЛАРДА ҲАМКОР ВА ҲАМФИКР

22.07.2024 12:07:27

Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакиллари бир-бирини қўллаб- қувватлаб, ягона оила бўлиб яшашга асрлар давомида ўрганиб бўлган. Улар айни замонда таълим, тиббиёт, санъат ва бунёдкорлик каби  қатор жабҳаларда бир мақсадни кўзлаб, меҳнат қилмоқдалар. Тўй ва тантаналарда, байрамларда қувончни баҳам кўришади, мушкул пайтларда бир-бирларига ғамхўрлик қилишади. Бир сўз билан айтганда, турли миллат ва элат вакиллари «Ўзбекистон—умумий уйимиз!» эканини қалбдан ҳис этган ҳолда яшаб келмоқда.

Бундай анъаналар ерлари туташ, ариқлари тўсиқсиз, мозорлари бир бўлган азалий қўшни давлатлар ўртасида ҳам давом этмоқда. Ўзбекистон атрофидаги Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғиз республикаси ҳамда Афғонистон давлатлари ва уларнинг халқлари билан биргаликда жаҳоншумул муаммоларни ҳал қилиш, иқтисодиётни юксалтириш ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашда ҳамкор ва ҳамфикр бўлиб келмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра юртимизга ташриф буюрган Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон билан ўзаро иқтисодий, сиёсий ва маданий муносабатларни янада мустаҳкамлаш борасида қатор келишувларга эришди. Айни пайтда томонлар транспорт­, энергетика, сув ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилиш бўйича янги режалар тузиб олдилар. Ўзбекистонда уч юз мингдан ошиқ қирғиз аҳли яшайди ва олтита вилоятда, жумладан, Наманганда ҳам қирғиз маданияти маркази фаолият юритиб келмоқда. Мамлакатимизда қирғиз капитали иштирокида 260 дан ортиқ корхона ишлаётган бўлса, қўшни давлат ҳудудида Ўзбекистон резидентлари иштирокида 70 та корхона фаолият юритмоқда. Шунингдек, Фарғона ва Наманган вилоятларида умумий қуввати 400 мегаватт бўлган иккита қуёш электр станцияси қурилиб битказилгач, Қирғизистонга электр қуввати етказиб берилиши режалаштирилган.

Икки қардош мамлакат ўртасидаги маданий­гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам алоҳида ўринга эга. Халқларни бир бирига янада яқинлаштириш учун ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар самара бермоқда. Наманганда ўтказилган 63-Халқаро гуллар фестивалида қўшни давлатлардан, айниқса, Қирғиз республикасидан келган сайёҳларнинг салмоғи юқори бўлди. Бу икки халқ ўртасидаги борди-келди алоқаларининг ўрнатилганлигидан далолат. Яна бир жиҳат шундаки, узоқ йиллар қариндошлар, туғишганлар бир-бирини кўришга интизор эди. Бугун исталган пайтда қон-қардошлар бир-бирини бағрига босиши мумкин.

Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорга асосан Мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрамини тантанали тарзда нишонлаш учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Энг улуғ ва энг азиз байрамимизни  мамлакатимизда туғилиб, яшаб ва меҳнат қилаётган барча миллат вакиллари, маданият марказлари ва қўшма корхоналар ишчи-хизматчилари аҳил-иноқликда кутиб олишга киришган бўлса, улар учун Халқлар дўстлиги куни ҳам бетакрор байрамдир. Бу кунни ўзбек халқи билан аҳил яшаётган, елками-елка туриб тараққиёт ва ободлик йўлида меҳнат қилаётган барча миллат ва элатлар биргаликда нишонлайдилар. Халқлар орасидаги дўстлик ва тинчлик барқарор бўлиб қолиши учун хизмат қиладиган бундай байрамлар бардавом бўлаверсин!

 

Исроилжон ЖЎРАЕВ,

«Адолат» СДП

Наманган вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+