Ўзбекистон – бағри кенг диёр      

19.11.2021 15:11:28

Ўзбекистон «Адолат» СДП Термиз туман Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ҳамкорлигида тумандаги 13-сонли мусиқа мактаби фаоллар залида «Миллатлараро бағрикенглик ҳафталиги» лойиҳаси доирасида «Ўзбекистон – бағри кенг диёр» мавзусида тадбир ташкил этилди.

Унда партия Термиз туман Кенгаши вакиллари, депутатлар, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими фаоллари, туман маънавият ва маърифат маркази ходимлари, туман Маданият уйи вакиллари ва ёшлар иштирок этишди.

Тадбирни Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати Зикрилло Боқижонов очиб берди ва мазкур ҳафталик доирасида олиб борилаётган ишлар хусусида иштирокчиларга гапириб ўтди.

Ўзбекистон – кўп миллатли мамлакат. Мазкур «Бағрикенглик ҳафталиги» ни ўтказишдан мақсад 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ҳамда бошқа миллатлар вакиллари билан дўстлик алоқаларини ривожлантиришдан иборат.

Маълумки, Президентимизнинг 2019 йил 15 ноябрдаги «Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида юртимизда ҳар йили 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган «Бағрикенглик ҳафталиги» ўтказилиб келиняпти.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, қадим-қадимдан Юртимизда турли маданият, тил, урф-одатлар, ўз турмуш тарзига эга бўлган турли динларга эътиқод қилувчи ва бир-бирига ўхшаш бўлмаган турли халқлар, миллатлар яшаб келаётган заминдир десак, муболаға бўлмайди. Мамлакатимизда барча миллат ва элат вакилларининг аҳил оила фарзандларидек яшаши, таълим олиши, меҳнат қилиши, ижодий салоҳиятини юзага чиқариши Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли моддаси билан мустаҳкамланган. Ўқув жараёни Давлат таълим стандартларига мувофиқ бир неча тильда олиб борилади. Ўқувчи – ёшларга сифатли билим ва кўникмалар эгаллашлари учун тегишли шарт –шароитлар яратиш мақсадида Давлат таълим стандартлари билан белгиланган барча ўқув дарсликлари ҳам турли тилда нашр этилиб, ўқувчи контингентига кўра тақсимланган ҳолда умумтаълим муассасаларига етказиб келинмоқда.

Мазкур ҳафталик доирасида «Миллатлараро тотувлик ва дўстлик – тараққиёт омили» мавзусида турли миллат вакилларининг китоб кўргазмаси, дўстлик жамиятлари фаолиятига бағишланган фотокўргазма ҳам ташкил этилди.

Ушбу тадбирлар аҳоли, айниқса ёш авлодни юртимизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, тумандаги умумтаълим мактаблари ва академик лицейларида ҳафта давомида "Бағрикенглик ҳафталиги"га доир қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Убайдулло Тоғайназаров,

Ўзбекистон «Адолат»СДП Термиз туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+