Ўзбекистон дунё нигоҳида!

16.09.2022 17:09:45

Самарқанд айни кунларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистон раислигидаги навбатдаги саммитига мезбонлик қилмоқда. Мамлакатимизда ҳар соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳатлар, соҳаларнинг тобора ривожланаётгани Самарқандда ҳам яққол кўзга ташланади. Азим кентга янад чирой ва салобат бахш этиш йўлида эшкак эшиш канали бўйида 200 гектардан ортиқ очиқ майдонда “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази барпо этилди.  Марказий Осиёда тенги йўқ, деб эътироф этилган бу мажмуада жаҳон стандартларига мос меҳмонхоналар ва конгресс маркази, халқимиз тарихи, маданияти, анъана ва қадриятларини намоён этувчи “Боқий шаҳар” мажмуаси ва яна кўплаб бошқа иншоотлар бугун Самарқанднинг кўркига кўрк қўшиб турибди.

Азалдан маданият учоғи ҳисобланган шаҳар, бугун халқаро мулоқот майдонига айланиб, унда йирик халқаро тадбирнинг ўтказилаётгани, албатта, бутун вилоятимиз аҳли учун чексиз фахр ва ифтихор бағишлайди. Таъкидлаш жоизки, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқаро ташкилот сифатидаги жозибадорлиги  унинг турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймасликлик каби тамойиллари орқали яққол намоён бўлади.

Мен ишонамнки, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг “Самарқанд руҳи” йўғрилган саммити тарихда энг йирик анжуманлардан бири сифатида тарихда қолади. Чунки ушбу анжуманда ШҲТ географик жиҳатдан кенгайиши борасида, стратегик ва минтақалараро дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга оид ҳужжатлар қабул қилинади. Албатта, жаҳонда рўй бераётган турли нотинчликлар, уч йиллик оғир пандемия шароитидан сўнг 15 та мамлакат раҳбарининг бир жойга йиғилиб, ҳар томонлама самарали ҳамкорлик истиқболларини келишуви – буларнинг барчасини тарихий воқеа деб аташ мумкин. 

Ушбу нуфузли анжуман мамлакатлар ўртасидаги турли келишмовчиликларни енгиб ўтиш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувни рағбатлантиришга ёрдам беради.     Ўзбекистоннинг иқтисодий ташаббуслари қаторида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ишбилармонлар Кенгаши доирасида ўзаро сармояларни илгари суриш бўйича глобал молиявий-иқтисодий таҳликаларни юмшатишга қаратилган қўшма ҳаракат режасини ишлаб чиқилиши турмуш даражасининг кескин пасайиб кетишини олдини олиш, озиқ овқат хавфсизлигини таъминлаш ва иқтисодий юксалишга эришиш ҳисобидан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш чора-тадбирларини қамраб олади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ШҲТга аъзо давлатлар асрлар давомида “Буюк Ипак йўли” билан бирлашган, Шарқдан Ғарбга ва Ғарбдан Шарқга товарлар ва хизматлар айирбошланувини таъминловчи траспорт артериясини шакллантириш ва ишга тушириш ўзаро боғлиқликдаги улкан салоҳият мавжудлигини реал воқеликка айлантиради. Бу йўналишда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл алоқаси лойиҳасини амалга ошириш жуда истиқболли ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан тасдиқланадиган бир қатор концептуал ҳужжатларнинг аҳамияти ва сонини ҳисобга олган ҳолда, саммит натижалари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг фаолиятида янги даврни бошлаб беради.

Чарос Ортиқова,

Халқ депутатлари Оқдарё туман Кенгаши депутати

 

 

    

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+