Ўзбекистон келажаги ёшлар қўлида

28.03.2024 11:03:19

Бугунги кунда барчамизга маълумки муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи имзолаган қонун ҳужжати – 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида” ги Қонунидир. БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида юртбошимизнинг сўзлаган нутқида “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат”- дея таъкидлаб ўтганликлари аҳолисининг ярмидан кўпроғи ёшлардан иборат бўлган мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, юртнинг эртанги муносиб келажаги учун дахлдорликка тайёр, мақсадга интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, садоқатли, комил шахслар сифатида тарбиялаш Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олишининг муҳим омили эканини англатади. Шунингдек, 2024-йил мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганлиги бугунги кунда ёшларни ўз устида ишлашга янада туртки бўлиб Ўзбекистон келажаги ёшлар қўлида эканлиги ёшларга берилган катта ишончдан далолатдир.
Жорий йилда иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратиш янада кучайтирилиши, илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини ёшлар томонидан янада ривожланишига катта аҳамият берилмоқда дея оламиз.
Ёшларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, узлуксиз таълим тизимида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, реал иқтисодиётда ва мамлакат ҳаёт фаолияти соҳаларида таълим муассасалари томонидан тайёрланадиган мутахассисларга бўлган талабни таъминлаш, мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ўз ўрнида, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш борасида ҳам қонунчиликда муҳим қарорлар қабул қилиниб, давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишни автоматлаштирилган тизими босқичма-босқич ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ қилинмоқда. Бу эса аҳоли ҳамда хорижий инвесторларнинг ўз шахсий бизнесини йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугун давлат бошқаруви ва соҳаларни рақамлаштириш, алоқа инфратузилмасини яхшилаш, IT таълимни ривожлантириш каби кўп омилларни талаб этилаётган бир даврда ёшларни IT соҳасида ўқитиш ахборот технологиялари субъектлари учун яратилган шароитлар ва имтиёзлар натижасида иш ўринлари сони, хизматлар экспорти ортиб бормоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришни таъминлайдиган ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича ҳам тараққиёт стратегияси доирасида ҳудудларда аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича амалий дастур ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Ҳозирги кунда ёшларнинг бизнес билан шуғулланишлари учун қулай шарт-шароитлар ва имкониятлар яратилмоқда.
Умуман, ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун Ўзбекистон бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда. Чунки ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлади. Шу боис Ўзбекистон жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилувчи ёшлар қатламига юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида қарамоқда. Натижада бугун юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб боряпти.

Нилуфар Ҳамиджонова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Пискент туман Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+