Ўзбекистон ташаббуси минтақанинг умумий барқарорлигига хизмат қилади

17.07.2021 11:07:26

Бугун дунёда глобал миқёсда катта ўзгаришлар содир бўлмоқда, халқаро майдонда кучларнинг янги нисбати шаклланмоқда. Шу билан бир қаторда, халқаро майдонда янги таҳликали вазиятлар, таҳдидлар юзага келмоқда. Бу ҳолат барча давлатларда содир бўлаётган муаммоларни ижобий ҳал этиш, сиёсий ва иқтисодий стратегияларни янгилашга мажбур қилмоқда. Ушбу жараёнлар Марказий Осиё минтақаси, жумладан, Ўзбекистонга ҳам даҳл қилмай қолмайди.

Ўзбекистон доимо тинчликпарвар сиёсат олиб борган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига киришиш маросимидаги нутқида ҳам ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш асосида хорижий давлатлар, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга алоҳида аҳамият қаратишини таъкидлаган эди.

Бу мақсадлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясининг 5 бандида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш, барқарорлик ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

Ҳозирда ҳам Юртбошимиз томонидан Марказий Осиёни тинч ва иқтисодий ривожланган ҳудудга айлантириш, улкан минтақада барқарор ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда.

15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция ҳам мана шундай ташаббуслар натижасида  ташкил этилди.

Мазкур анжуманда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, жами 44 та мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этишди.

Конференцияни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев очиб берар экан, Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги тарихий яқинлик, уни бугунги кунда ўзаро ишонч ва манфаатдорлик асосида мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида нутқ сўзлади.

Бугунги кунда дунё турли таҳдидлар, шу билан бирга, янги имкониятларни ўзида мужассам этган глобал геосиёсий ўзгаришлар даврига қадам қўйди. Шундай мураккаб шароитда қарийб икки миллиард аҳоли яшайдиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни қайта тиклаш муҳим ҳаётий зарурат ва табиий жараёнга айланмоқда. Ўйлайманки, халқларимизнинг улкан тарихий, илмий, маданий-маърифий мероси ҳамда иқтисодиётларимизнинг ўзаро бир-бирини тўлдириш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, мавжуд интеллектуал салоҳиятни, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни ўзаро мувофиқлаштириш вақти келди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Форумнинг ялпи ва шўъба мажлисларида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий боғлиқликни янада мустаҳкамлашга қаратилган имконият ва ташаббуслар муҳокама қилинди.

Конференция якунлари бўйича махсус резолюция лойиҳаси тайёрланиб, кўриб чиқиш учун БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этиладиган бўлди.

Пўлат ҲАМЗАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

раиси ўринбосари

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+