Ўзбекистон — Туркия: ҳамкорликнинг янги босқичи

07.06.2024 19:06:40

Ўзбек ва турк халқларининг маданияти, дини ва урф-одатлари бир-бирига жуда яқин. Маданий ва тарихий жиҳатдан бу икки мамлакат туркий халқлар тамаддуни ривожида марказий ўрин тутишган.

Сўнгги етти йиллик тарихан қисқа давр мобайнида ўзбек-турк алоқаларида мазмунан юз йилликларга татигулик инқилобий ўзгаришлар ясаш учун мустаҳкам тамал тоши қўйилди.

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Тайип Эрдўғаннинг сиёсий иродаси, қатъияти ҳамда улар ўртасида ўрнатилган ўзаро ишонч ва дўстлик ришталари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар тарихида мутлақо янги саҳифа очди.

Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг тарихига назар ташласак, унда мамлакатимиз мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат айнан Туркия эканини кўришимиз мумкин. Яқин йиллар ичида мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик алоқаларнинг йўлга қўйилиши, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларнинг жадал тус олиши ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқди, десак янглишмаймиз.

Ўзбекистоннинг бугунги кунда жаҳон майдонига шахдам қадамлар билан кириб боргани ҳамда дунё бўйлаб катта обрў-эътиборга сазовор бўлгани Туркия мамлакати томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланмоқда.

Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги икки томон учун ҳам манфаатли. Мамлакатимизнинг бозори, тобора эркинлашаётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити Туркияни қизиқтиради. Ушбу мамлакатнинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги ва туризм салоҳияти Ўзбекистонга фойда келтиради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан ушбу мамлакатга расмий ташрифи шубҳасиз, икки томонлама муносабатларнинг янги даврини бошлаб берди.

Туркия давлати раҳбари Ражаб Таййиб Эрдўған билан бўлиб ўтган тор доирадаги музокаралар чоғида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш, кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этиш жоизки, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида умумийлик кўп. Иккала мамлакат туркий тилда гаплашади, битта динга эътиқод қилади, анъаналари бир-бирига ўхшаш, азалий дўстлик ва маданий алоқалар мустаҳкам одат тусига кирган.

Сўнгги йилларда икки давлат ўртасида кўп қиррали стратегик шериклик ва тараққиёт даври бошланди. 2017 йил октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси билан ҳамкорлик бўйича Парламентлараро гуруҳи ташкил этилди.

Жорий йил май ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Туркия Парламенти Спикери Нурман Куртулмуш билан бўлиб ўтган учрашувда шу нарса таъкидландики, икки мамлакат бирлашиб, ўз алоқалари ва ҳамкорлигини янада ривожлантирадиган бўлса, барча туркий мамлакатларнинг тинчлик ва фаровонлигига ҳисса қўшишга муваффақ бўламиз.

Бугунги кунда барча соҳалар қатори таълим соҳасидаги алоқалар ҳам кенгайиб бормоқда. Хусусан, Туркиянинг олий таълим муассасаларида 300 нафар ўзбекистонлик талаба ёшлар таҳсил олмоқда.

Ўзаро музокаралар чоғида икки давлат ўртасида тил бирлигини таъминлашга эришиш, маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, қўшни мамлакатларнинг тарихий соҳадаги илмий тадқиқотларини яратиш борасидаги ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида келишиб олингани диққатга сазовор.

Айниқса, Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған Кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма декларацияни имзолагани ушбу ташрифнинг энг муҳим жиҳатларидан бири бўлди, десак айни ҳақиқат.

Ишончим комилки, бутун дунёда юз бераётган ҳозирги геосиёсий ва иқтисодий вазиятда икки мамлакатнинг эзгу мақсадлар йўлида бирлашиб, кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйиши халқларимизнинг тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиётига хизмат қилади. Энг муҳими, давлатларимиз ўртасидаги кўп қиррали муносабатни ҳар томонлама юксак даражага олиб чиқишга замин яратади.

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
"Адолат" СДП фракцияси аъзоси 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+