Ўзбекистон ва Малайзия: Кенг қамровли ҳамкорлик даражасига эришиш йўлидаги алоқалар

22.05.2024 10:05:01

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда жадал ривожланмоқда. Бу икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар иқтисодий, маданий-гуманитар, таълим ва туризм каби йўналишларда янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон ва Малайзиянинг кўп қиррали ҳамкорликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳар икки давлатнинг барқарор ривожланиши ва фаровонлигига хизмат қилади.

Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги дипломатик алоқалар 1992 йилда ўрнатилган бўлиб, шу пайтдан бошлаб икки давлат ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб келмоқда. Сўнгги йилларда эса бу алоқалар янги сифат босқичига кўтарилди. 2023 йилда Малайзия Бош вазири ва Ўзбекистон Президенти ўртасида ўтказилган учрашувлар натижасида стратегик ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгилаб олинди. Бу учрашувларда савдо, инвестиция, транспорт, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди.
Савдо-иқтисодиёт борасида ҳам Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. 2023 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошди. Ўзбекистоннинг стратегик жойлашуви ва бой табиий ресурслари Малайзия компаниялари учун катта қизиқиш уйғотмоқда. Малайзия инвестиция компаниялари Ўзбекистонда энергетика, қурилиш ва инфратузилма соҳаларига сармоя киритишни режалаштирмоқда.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳада ҳам Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик анча кенгайган. Икки мамлакат ўртасида маданий тадбирлар, концертлар ва кўргазмалар орқали халқлар ўртасидаги ўзаро тушуниш ва дўстлик ривожланаётганини таъкидлаш зарур. Жумладан, 2024 йилда ўтказилган Ўзбекистон -Малайзия маданий кунлари доирасида Малайзияда ўзбек санъати ва маданияти кенг намойиш этилди. Бу тадбирлар икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Таълим соҳасидаги ҳамкорликни ҳам алоҳида таъкидлаш зарур. Малайзия университетлари ва илмий тадқиқот марказлари билан Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида ўқув ва илмий алмашинув дастурлари жорий этилди. Бу икки давлат ёшлари ўртасида билим ва тажриба алмашинувини рағбатлантирмоқда.
Ўзбекистонлик талабалар учун Малайзиядаги нуфузли университетларда таълим олиш имкониятлари кенгайди. Айни пайтда, малайзиялик мутахассислар ҳам Ўзбекистондаги таълим жараёнларида фаол иштирок этмоқдалар. Бу ҳамкорлик икки мамлакатнинг таълим соҳасидаги тажрибаларини бойитишга ва ўзаро ривожланишга ёрдам беради.
Шунингдек, илмий-тадқиқот соҳасида ҳам ҳамкорлик кучайтирилмоқда. Ўзбекистон ва Малайзия илмий марказлари ўртасида қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишувларга эришилган. Бу илмий ҳамкорлик ҳар икки давлатнинг инновацион салоҳиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Туризм соҳасида ҳамкорлик ҳар иккала мамлакат ўртасидаги авиақатновлар сонининг кўпайиши, туристик оқимнинг ошишига сабаб бўлмоқда. Малайзиялик сайёҳларни Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси тобора қизиқтирмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонлик сайёҳлар ҳам Малайзиянинг гўзал табиати ва туристик манзараларини кашф қилмоқдалар.
Янги лойиҳалар ва ташаббуслар орқали Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамланиши кутилмоқда. Жумладан, саноат, қишлоқ хўжалиги, технология ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик доирасида эса, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида қўшма қишлоқ хўжалиги лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу лойиҳалар икки давлатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги салоҳиятини оширишга ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш зарурки, икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ва халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат туфайли савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.
Бу алоқаларнинг янада ривожланиши ҳар икки давлатнинг барқарор ўсишига ва халқлар фаровонлигига хизмат қилади. Икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталари йил сайин мустаҳкамланиб, янада самарали босқичга кўтарилишидан умидвормиз.

Гулнора Аҳмедова,
«Адолат» СДП
Тошкент вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+