Ўзбекистон – ёшлар мамлакати!

20.04.2021 09:04:27

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.  

Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан айни даврда инсоният тарихидаги энг кўп ёшлар қатлами билан яшаётганимизни инобатга олган ҳолда БМТ минбарида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилгани ҳам халқаро ҳамжамият томонидан илиқ қаршиланди. Ўзбекистон раҳбари бунга асос қилиб, бугун дунё миқёсида ёшларнинг сони икки миллиарддан ортиб кетгани, халқаро терроризм ва эсктремизм шиддат билан ўсиб бораётган бир пайтда ёшларга ҳимоя зарурлигини муҳим омиллар сифатида асослаб берди.

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи имзолаган қонун ҳужжати – 2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун эканида ҳам рамзий мазмун-моҳият мужассам. Бинобарин, аҳолисининг ярмидан кўпроғи ёшлардан иборат бўлган мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, юртнинг эртанги муносиб келажаги учун дахлдорликка тайёр, мақсадга интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, садоқатли, комил шахслар сифатида тарбиялаш Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олишининг муҳим омили эканини мамлакат раҳбари ва ҳукумат яхши англайди.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»да ҳам бу масала алоҳида ўз аксини топди. Жумладан, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қуйидаги устувор вазифалар белгиланди:

биринчидан, жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш;

иккинчидан, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳамда хусусий тадбиркорлик соҳасига жалб этиш;

учинчидан, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқариш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш.

Ўзбекистон Президенти томонидан 2018 йил 27 июнда имзоланган «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги Фармон бу
борадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди. Фармон билан «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси ташкил этилди ва ушбу жамғарма ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериши белгилаб қўйилди. Ушбу ҳужжатга эътибор қаратилса, ёшлар тадбиркорлиги ва ташаббускорлигини комплекс ривожлантириш вазифалари аниқ ва тизимли белгиланганини кўриш мумкин.

Ўз навбатида, Ўзбекистондаги барча ўзгаришларнинг негизи ҳисобланган таълим-тарбия тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айни вақтда таълим, шу жумладан, ижтимоий соҳа учун харажатлар миқдори давлат бюджети харажатлари умумий қийматининг ярмидан кўпроғини ташкил этмоқда. Табиийки, ҳар қандай давлат ҳам бундай катта харажатларни кўтара олмайди, аммо қанчалик оғир бўлмасин, бунинг учун зарур маблағ ва ресурслар излаб топилмоқда.

Ўзбекистон раҳбари мазкур харажатларни харажат эмас, балки келажак учун қўйилган энг самарали сармоя деб ҳисоблаб, таълим даражаси ва сифати ҳар қандай давлатнинг истиқболини белгилаб берадиган муҳим омил эканини таъкидламоқда. Ҳақиқатан ҳам, ислоҳотларнинг тақдири, натижаси, биринчи навбатда, кадрлар савиясига, уларнинг давр ва тараққиёт талабларига нечоғли жавоб бера олишига боғлиқ.

Шу мақсадда мамлакатда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди, мактаб таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, 11 йиллик умумий ўрта таълим қайта жорий этилди. Вилоятларда янги олий таълим муассасалари, илмий ва ижодий марказлар ташкил этилмоқда. Олий ўқув юртларига қабул квоталари сезиларли даражада кенгайтирилди. Сиртқи ва кечки олий таълим шакллари тикланди. Кейинги икки йил ичида 15 дан ортиқ ривожланган давлатларнинг нуфузли университетлари филиаллари очилди.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати аниқ мақсадларни кўзлаган ҳолда, босқичма босқич, комплекс чора-тадбирларга асосланган ҳолда изчил давом эттирилмоқда.

Бу борада Шавкат Мирзиёев томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги саъй-ҳаракатларни тизимли асосда йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг илгари сурилиши Ўзбекистон тарихида ёшлар таълим-тарбияси бўйича яна бир янги босқични бошлаб берди.

Биринчи ташаббус – ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Иккинчи ташаббус – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.

Учинчи ташаббус – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

Тўртинчи ташаббус – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.

Бешинчи ташаббус – хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.

Давлат раҳбарининг бу эзгу ғояси Ўзбекистон халқи, айниқса, ёшлари томонидан катта қизиқиш билан қарши олиниб, қисқа вақт ичида мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёзди.

Келгусида реал ҳаётга кенг жорий этиладиган ушбу беш ташаббусга кўра, ҳудудлардаги маданият марказлари, мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базаси ва улардан фойдаланиш ҳолати кескин яхшиланади, ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, қўшимча яна 1,5 мингта тўгарак ташкил этилади. Ҳатто энг чекка қишлоқлардаги маданият марказларида ҳам бадиий-ҳаваскорлик жамоалари, ёшлар театр-студиялари ва “Ёшлар клублари” фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, мамлакат миқёсидаги 12 мингдан зиёд спорт иншоотига ёшларни максимал даражада қамраб олиш чоралари кўрилиб, барча умумтаълим мактаблари спорт анжомлари билан тўлиқ жиҳозланади. Шу билан бирга, олис ва чекка ҳудудларда енгил конструкцияли сендвич панеллардан кичик спорт заллари ва сунъий қопламали майдонлар қурилади. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари сони янада кўпайтирилади.

Ёшларни интернетдаги зарарли хуружлардан асраш, уларни ахборот технологияларидан унумли фойдаланишга ўргатиш масалалари бўйича илғор халқаро тажрибалар асосида барча ҳудудларда рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилади. Бу масканларда электрон тижорат ва дастурлаш бепул ўргатилади, ахборот технологиялари соҳасида бизнес бўйича инновацион кўникмалар шакллантирилади, “старт ап” лойиҳаларга ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, 2021 йилгача барча мактаблардаги компьютер синфларини замонавий технологиялар ва юқори тезликдаги интернет тармоғи билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, босқичма босқич амалга оширилади. Янги ташкил этиладиган компьютер ўйинлари марказлари ёш авлоднинг билим ва дунёқарашини кенгайтиришга қаратилган тест, викторина, ривожлантириш стратегиялари ва бошқа фойдали дастурлар билан таъминланади.

Ёшларда китобхонлик кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида, янги ташаббус доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларга 1 миллион нусхадан кам бўлмаган миқдорда китоблар етказиб берилади. Шу баробарида, ҳар бир шаҳар ва туман марказида биттадан намунали китоб дўкони ташкил этилади, кўчма китоб павильонлари жойлаштирилиб, “Библиобус”лар орқали қишлоқ ва овуллар аҳолисига кутубхона хизматлари кўрсатиб борилади.

Хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида 2019-2020 йилларда барча туманларда 195 та тикув-трикотаж корхонаси барпо этиш учун аҳоли зич яшайдиган, меҳнат ресурслари кўп жойлар танлаб олинди. Натижада 24 мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратиш назарда тутилган.

Умуман, ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун Ўзбекистон бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда. Чунки ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлади. Шу боис Ўзбекистон жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилувчи ёшлар қатламига «муаммо» деб эмас, балки юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида қарамоқда. Натижада бугун юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб боряпти.

Фозил БАХРОНОВ,

Навоий вилояти бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+