Ўзбекистон — ёшлар мамлакати!

01.07.2022 17:07:30

Бугунги кунда ёшларга яратилиб берилаётган кенг имкониятларни замирида давлатимиз сиёсати ҳар томонлама ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётганини барчамиз гувоҳи бўляпмиз. Мен ҳам ёшлар авлод вакили сифатида яратилган бундай шарт-шароитлардан қувонаман.

Шу муносабат билан, Ёшлар кунига бағишлаб ўтказилган форумда Президентимизнинг ёшларга берган янги имкониятлари бизларни яна ҳам кўпроқ илм олишимизга кенгроқ имкониятларни яратди.

Масалан қуйидаги янги имтиёз ва имкониятларни санаб ўтишим мумкин.

▪️ Эндиликда 14-17 ёш оралиғидаги 3 миллион нафарга яқин ўғил-қизларимизга ҳам «Ёшлар дафтари»да кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлардан фойдаланиш имконияти яратилади. Хусусан, унда назарда тутилган имтиёзлар амалдаги 11 тадан 25 тага кўпайтирилади. Жумладан, ушбу дафтарга киритилган фарзандларимизга замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўрганиши учун ҳар ойда 1 миллион 200 минг сўмдан субсидия берилади.

▪️Ёшларга илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги тўгараклар учун 6 ой давомида 300 минг сўмдан пул тўланади. Уларга ушбу йўналишлар бўйича маҳаллий олимпиадаларда қатнашиш харажатлари учун – 1 миллион 200 минг сўмдан, нуфузли халқаро олимпиадалар учун – 12 миллион сўмдан маблағ ажратилади.

▪️Мусиқа санъатига қизиқиши баланд бўлган ёшларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб мақом хонандалиги, мақом чолғу ижрочилиги ва бахшичилик йўналишларига янги қабул қилинган талабаларнинг шартнома тўловлари тўлиқ давлат томонидан тўлаб берилади. Фортепиано ижрочилари тайёрлаш бўйича қабул 3 баробар кўпайтирилиб, бу йўналишда ҳам контракт тўловлари тўла қоплаб берилади.

▪️Техникумларга қабул йилда 2 марта ташкил этилиб, талабалар учун давлат гранти сони 2 баробар оширилади. Шунингдек, техникумлар учун таълим кредити жорий қилинади ва 80 мингдан зиёд ёшларга кредит бериш учун молиявий ресурс ажратилади.

▪️Бундан буён хусусий таълим муассасаларида ИТ технологиялари бўйича ўқиш (дастурлаш, веб-дизайн, анимация) истагини билдирган ёшларга ҳам 20 миллион сўмгача миқдорда 4 йиллик имтиёзли кредит тақдим этилади.

Албатта, бу биз ёшларнинг таълим олишимиз учун яратилган яна бир имкониятлар ҳисобланади. Мен, тенгдошларим, қолаверса юртимиз равнақи учун ҳисса қўшиш мақсадида илм изланиб юрган ёшлар учун қувонарли ҳол, албатта.

Юртбошимиз мамлакат ёшларига мурожаати сўнгида Ғафур Ғуломнинг сатрларини тилга олди:

«Сиз, ахир, осмонни олмоқчи бўлсангиз,

Мен не учун елкамни тутиб бермайин?»

Мен Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги "Ёшлар парламенти" аъзоси ва ёш депутат сифатида бундай янгиликларни қўллаб қувватлайман. Биз ёшлар бу каби имкониятларга жавобан куч-ғайратимиз, бўламиз ва шижоатимиз билан мустақил Ўзбекистоннинг ривожланишига муносиб ҳиссамизни қўшамиз.

Шехроз Норов,

Халқ депутатлари Когон туман Кенгаши депутати,

Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги ёшлар парламенти аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+