Ўзбекистон — ЖСТ: Глобал иқтисодий ва савдо муносабатлари янада кенгаяди

12.06.2024 12:06:28

Жаҳон бозорларида рақобат тобора кескинлашиб бораётган айни пайтда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатига янги талабларнинг пайдо бўлиши мавжуд хом ашё маҳсулотларидан рақобатга чидамли, бозорда талаб юқори бўлган буюмлар ишлаб чиқаришни тақозо қилмоқда. Бу борада мамлакатимизда сўнгги йилларда дунё бозорларида талаб юқори бўлган ярим тайёр ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш, хом ашё экспортидан тайёр маҳсулотлар экспортига ўтиш, саноат ривожини сифат жиҳатидан янада юқори босқичга олиб чиқиш бўйича жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада, мамлакат экспортида ҳам тайёр маҳсулотлар улуши ошмоқда. Хусусан, мамлакат экспорти ҳажмида салмоқли ўринни эгаллаган пахта хом ашёси ва табиий газни экспорт қилиш ҳажми йилдан йилга камайтирилиб, тайёр маҳсулотлар улуши ортмоқда. Шу боис, мамлакат экспорти географиясини янада кенгайтириш мақсадида янги бозорлар топиш, чет давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсат жадал рўёбга чиқариляпти. Юртимизда ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида ташқи иқтисодий ва савдо муносабатларини ривожлантиришга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш жараёнини сифатли амалга оширишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аввало таъкидлаш лозимки, ЖСТ давлатлар ўртасидаги савдони тартибга солиш билан шуғулланувчи нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади. Унга аъзо мамлакатлар сони 166 тадан иборат бўлиб, жаҳон савдосининг 95 фоизи мазкур ташкилотга аъзо бўлган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга аъзо бўлиши бугунги кунда олдимизда турган долзарб вазифа бўлиб, бу мамлакатимизга бошқа давлатлар билан глобал иқтисодий ва савдо муносабатларини кенгайтириш, ташқи рақобатбардошликни кучайтириш каби жараёнларни тезлаштириш учун замин яратади. Ташқи савдода тайёр маҳсулот экспорти ҳажмини ошириш учун кенг имкониятлар эшигини очади, десак муболаға бўлмайди. Сабаби, ЖСТга аъзо давлат халқаро савдонинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида бошқа аъзо мамлакатлар билан бир хил имкониятлар асосида ташқи иқтисодий ва савдо алоқаларини олиб боради. Шу боис, мамлакатимизда кейинги йилларда ЖСТга аъзоликни амалга ошириш бўйича ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Хусусан, Ҳукумат томонидан ЖСТ га аъзо давлатлар билан кўп томонлама ва икки томонлама музокараларни якунлаш бўйича салмоқли ишлар қилинди. ЖСТ битимлари талабларига мувофиқлаштириш учун амалдаги қонунчиликларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бинобарин, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ЖСТга тўлақонли аъзо бўлиш учун устувор вазифалар белгиланган. Бу борада давлат раҳбарининг бир қатор фармон ва қарорлари ҳам қабул қилинган. Хусусан, яқинда Президентимиз «Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Унда Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш ва сифатли амалга оширишни таъминлаш мақсадида унга аъзо мамлакатлар билан бозорга кириш бўйича музокараларда Ўзбекистон Республикасининг позициясини аниқ белгилаб олиш, миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг битим, қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва миллий қонунчиликка имплементация қилиш вазифаси белгилаб берилди. Бундан ташқари, 2024 йилнинг 3 июнь куни «Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга кўра, миллий иқтисодиётнинг мавжуд салоҳиятини рўёбга чиқариш, унинг глобал ишлаб чиқариш ва қўшилган қиймат занжирига интеграциясини янада чуқурлаштириш, эркин бозор тамойилларини амалда татбиқ этишни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолигига эришишни жадаллаштириш мақсадида маҳаллий корхоналарга қонунчилик билан тақдим этилган кўплаб махсус (эксклюзив) ҳуқуқлар ва имтиёзлар бекор қилиниши белгиланди. Шунингдек, импорт қилинадиган ва ўзимизда ишлаб чиқариладиган акциз солиғи тўланадиган товарлар учун акциз солиғи ставкаларини босқичма-босқич бирхиллаштириш, айрим маҳсулотлар экспортига қўйилган чекловларни бекор қилиш, юртимизда амалда бўлган божхона божи, йиғимлари ва қийматини ЖСТ нинг тарифлар ва савдо бўйича бош битими талабларига мувофиқлаштириш, самараси паст бўлган солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилишга қаратилган кўплаб ҳуқуқий асослар қайта кўриб чиқилади. Шу билан биргаликда, давлат харидларини амалга оширишда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида корпоратив буюртмачилар томонидан амалга ошириладиган харидларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тақдим этилган имтиёзлар ва преференцияларни бекор қилиниши белгиланган. Жумладан, 2026 йил 1 июлдан бошлаб, «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинадиган корпоратив буюртмачилар томонидан амалга ошириладиган харидларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тақдим этиладиган имтиёзлар ва преференциялар бекор қилиниши назарда тутиляпти. Бундан ташқари, 2025 йил 1 январдан бошлаб, бюджет буюртмачилари томонидан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тузиладиган шартномалар бўйича тўловлар ҳам эндиликда тегишли тартибда ғазначиликда рўйхатдан ўтказилгандан сўнгра амалга оширилиши белгиланди. Шу ўринда ЖСТга аъзолик Ўзбекистонга нима беради, қандай манфаат кўрамиз? деган саволлар туғилиши табиий. Бунга қуйидагича жавоб берсак бўлади. Биринчидан, ЖСТга аъзолик Ўзбекистонда иқтисодий тараққиётга кучли туртки беради. Аввало, янги сармоялар асосида қўшимча иш ўринлари яратилади, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулот сифатини ошириб, дунё бозоридаги кучли рақобатга кўникади. Иккинчидан, истеъмолчиларнинг арзон ва сифатли товарлар ҳамда хизматларни танлаш имконияти юзага келади. Учинчидан, мамлакат жаҳон миқёсидаги савдо сиёсати бўйича муҳим қарорларни қабул қилишда иштирок этади, яъни ташкилот йиғилишида қатнашадиган ҳар бир давлат ўз овозига эга бўлади. Тўртинчидан, божхона маъмуриятчилиги ва қонунчилик бўйича институционал ислоҳотларни амалга ошириш, тизимдаги коррупция даражасини камайтиришга кўмак беради. Бешинчидан, дунё миқёсидаги илмий-техник ривожланиш жараёнига интеграциялашувни тезлаштиради.

Умуман айтганда, ЖСТга аъзолик мамлакатимизда рақобат муҳити яхшиланишига, монополиянинг олди олинишига ва инфляция даражаси камайишига хизмат қилади.

Абдуғани УМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
"Адолат" СДП фракцияси аъзоси 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+