Йўлларда авария ва ўлим ҳолатлари нима сабабдан кўпаймоқда?

29.04.2022 14:04:01

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ўз ечимини кутаётган кўплаб тизимли муаммолар мавжуд эканлиги сир эмас. Сўнгги йилларда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш масалалари фуқароларимизни, ваколатли давлат органларини, кенг жамоатчилик вакилларини, умуман олганда, жамиятимизни ўйлантириб келаётган асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Бу жабҳада йўл ҳаракати қатнашчилари хавфсизлигини, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш, мамлакатимизда ҳайдовчилар тайёрлаш ва фуқароларга ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, бу борадаги ваколатли давлат органлари масъулиятини янада ошириш, соҳага кириб келаётган янгиликларнинг қонуний асосларини яратиш ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш масалалари жамиятимизни ўйлантириб келаётган асосий муаммолар сирасига кириб улгурди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги 16-мақсад доирасида ҳам “Йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини қисқартириш, шу жумладан ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлаш” бўйича вазифалар белгиланганлиги бежиз эмас.

Қолаверса, 1 майдан кучга кирувчи Ўзбекистонда янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари тасдиқланишида ҳам йўлларда хавфсизликни таъминлаш, ҳайдовчи ва пиёдаларнинг саломатлигини асраш кўзда тутилган.

Куни кеча “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати, партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши, вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган меъёрларни ўрганиш ва инсонлар ҳаётига хавф солаётган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган семинар ташкил этилди.

Мазкур семинарда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда, партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши ходимлари, Жиззах вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлар, партия фаоллари, талабалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни “Адолат” СДПнинг вилоят Кенгаши раиси Шукуров Ориф Жумабаевич кириш сўзи билан очиб берар экан, транспорт воситаларининг сони ва йўлларда ҳаракат жадаллиги йил сайин ўсиб бораётгани бу эса, ўз навбатида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт қоидалари бузилишининг олдини олиш билан бирга содир этилаётган ҳодисаларнинг оқибатларига, уларнинг юзага келмаслиги учун эътиборни кучайтириш лозимлиги тўғрисида тўхталиб ўтди.

Шунингдек тадбир давомида сўз олган вилоят Йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бошқармаси  катта инспектори Эркин Очилов, партиянинг Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, партиянинг Сиёсий Кенгаш Марказий аппарати Мафкуравий ишлар бошқармаси бошлиғи Фазлиддин Зияев ҳамда Жиззах шаҳридаги “Олмазор” МФЙ раиси, Дўстлик ордени соҳибаси Норбуви Шамсиевалар янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари мазмун-моҳияти ва ундаги талаблар юзасидан батафсил малумотлар беришиб, йўл ҳаракати иштирокчиларининг бефарқлиги туфайли содир бўлаётган аянчли оқибатлар, инсонларнинг ҳаётдан кўз юмиши билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисалари тўғрисида статистик маълумотлар асосида мисоллар келтирилиб, барчани бирдек йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишга чақиришди.

Дарҳақиқат, йўл ҳаракати қоидалари инсонларнинг фойдаси учун хизмат қилади, бу қоидаларга амал қилмаслик эса аксинча зиён келтиради. Ҳар бир инсон хоҳ ҳайдовчи, хоҳ йўловчи ёки пиёда бўлишидан қатъий назар, ўзининг ҳамда атрофдагиларнинг хавфсизлигини таъминлашга масъул эканлигини ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим.

Қизғин баҳс-мунозаралар, тариқасида ўтган тадбир сўнгида иштирокчилар соҳа ходимларидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.

 

“Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+