Ўзбекистоннинг Халқаро майдондаги янги ташаббуслари

17.10.2022 17:10:58

Қозоғистон Республикаси пойтахти – Остона якунланаётган ҳафтада жаҳондаги йирик сиёсатчилар, давлат арбоблари, оммавий ахборот воситалари диққат марказида бўлди. Бу ерда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг навбатдаги саммити ўтказилди. Анжуманда элликка яқин мамлакатларнинг вакиллари иштирок этдилар. Улар орасида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам бор эди.

Саммитда дунёнинг барча минтақаларида тинчликни асраш, хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари бош мавзу бўлди. Чунки ҳозирги таҳликали замонда бу омилларсиз тобора кучайиб бораётган бўҳронли вазиятларни бартараф этиш амри маҳол. Қатор давлат раҳбарларининг сўзлаган нутқларида шу ҳақда ниҳоятда долзарб масалалар баён этилди. Айниқса, Ўзбекистон раҳбарининг олға сурган ташаббуслари кўпчиликнинг диққат марказида бўлганлиги эътиборга лойиқдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев биринчи навбатда айни вақтда халқаро муносабатларда ноаниқлик тобора ўсиб, мулоқот ва ишонч мисли кўрилмаган даражада тақчил бўлиб бораётганини таъкидлади. «Юзага келган янги геосиёсий воқелик бутун Осиё қитъаси барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Инқирозли ҳолатлар Марказий Осиё давлатларига ҳам тўғридан-тўғри дахл қилмоқда, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича бизнинг саъй-ҳаракатларимизни секинлаштирмоқда» – деди у.

Афғонистондаги вазиятга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозир бу мамлакатдаги муваққат ҳукумат билан ўзаро ҳамкорлик бўйича умумий ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқиш устида бош қотириш лозим. Қитъада турли ёшдаги инсонлар ўртасида бир-бирини яхшироқ тушунишга даъват этадиган, фарзандларимизнинг энг долзарб муаммоларига биргаликда ечим излашга кўмаклашувчи янги форматни – авлодлар мулоқотини йўлга қўйиш таклифи ҳам ўртага ташланди.

Бундан ташқари, протекционизмнинг кучайишига, глобал бозорларни беқарор қиладиган омилларни, жумладан янги чекловларнинг жорий этилишига йўл қўймаслик, Марказий Осиёни Жанубий ва Шарқий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ билан самарали боғловчи транспорт йўлакларини яратиш, инновациялар трансфери салоҳиятини янада тўлиқроқ ишга солиш ғоялари ҳам баён этилди ва асослаб берилди.

Давлатимиз раҳбари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида янги ёндашувларни ҳам олға сурди. Маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг энг мақбул занжирини шакллантириш зарурлигига эътибор жалб этилди.

Ўзбекистон Президенти халқаро анжуман доирасида бир қатор давлатларнинг раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Ўзаро мулоқотларда қитъада ва бутун дунёдаги барқарор тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида ҳам фикр алмашилди.

Ҳеч шубҳа йўқки, мазкур анжуман замонавий таҳдидларни фақат мулоқот, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш, умумеътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрларига амал қилиш орқали самарали енгиб ўтиш ва барча халқларнинг фаровон яшашини таъминлашга хизмат қилади.

Баҳодир БОЛТАБОЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+