Ўзгача “Сўнгги қўнғироқ”...

28.05.2021 11:05:12

25 май куни Республикамизнинг барча ҳудудларида сўнгги қўнғироқ байрами ўтказилди. Шу жумладан Жомбой туманидаги 36-умумтаълим мактабида ҳам.

Бу йилги битирув кечаси ўзгача руҳда нишонланди. Чунки ҳар йили фақат 11-синф ўқувчилари битирар эди, аммо бу йили 9-синф ўғил-қизлари ҳам иштирок этдилар. Ушбу янгилик ота-оналар, устозлар ҳамда ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Битирув оқшоми 45 дақиқа давом этиши керак эди. Шу сабабли битирувчилар ўз чиқишларини қисқа вақт ичида бирин кетин намойиш этдилар. 9-11 синф ўқувчи ёшлари келишган ҳолда рақс, саҳна кўринишлари, табрик ва шеърларини томошабинларга ҳавола қилишди.

Ушбу ўқув йилида мактабимиздан 27 нафар қалдирғочлар учирма бўлди. Тадбирда мактабимиз директори Ашрафжон Хидиров сўзга чиқди. Сўзи аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг битирувчиларга-биз ёшларга аталган табригини ўқиб эшиттиргани айниқса ҳаяжонли бўлди.

Мана сизлар катта ҳаётга қадам қуяпсизлар. Келажакда барчангиз ўзингиз орзу қилган ва интилган олийгоҳ талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлинг. Яқин йиллар ичида ҳаммангизни Ватанимизга нафи тегадиган, юрт учун, халқ учун ёниб хизмат қиладиган Ватанпарварлар сифатида кўриш бизга насиб этсин. – деб мактабимиз директори А.Хидиров ўз сўзига якун ясаганида ўзимизга бўлган ишонч яна бир бор ортди.

Шу сўзларни тинглаб, мамлакатимизда ёшлар учун яратиб берилаётган имкониятлардан руҳландим. Шу онда бу замин, бу қуёш, бу маконда туғилиб ўсганимдан фахр ҳиссини туйдим. Ўз-ўзидан дилимда шукроналик  жўш урди.

“Умид билан суқилган таёқ бир кун берар меваю япроқ”, деганларидек, юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ёшлар сиёсати изчиллик билан давом эттирилаётгани, уларнинг ўз истеъдодларини  рўёбга чиқариши учун имконият майдони кенгайиб бораётганини  кўзимиз билан кўриб турибмиз. Бундай эътибор бизни келажакда қайси соҳада бўлмайлик янада кўпроқ билим олишга, изланишга, она Ватанимиз истиқболи йўлида тиним билмай меҳнат қилишга ундайди.

Мен Ўзбекистон “Адолат” СДП Жомбой туман Кенгаши қошидаги Ёш истеъдод клуби аъзоси сифатида барча тенгдошларимни берилган имкониятларда оқилона фойдаланиб, ватан равнақига ҳисса қўшиш йўлида бирлашишга чорлаб қоламан. Ишонаманки, биргаликда амалга оширадиган эзгу амалларимиз туманимиз, вилоятимиз, республикамиз довруғини янада баландларга кўтаришга хизмат қилади.

 

Ҳилола БОЛТАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жомбой туман Кенгаши қошидаги Ёш истеъод клуби аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+