Ўзгалар дардига дармон бўлайлик

31.05.2024 18:05:34

Ўзгалар дардига дармон бўлайлик

Халқимиз саховат, мурувват, меҳр-оқибат,одамийлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик сингари ўзига хос эзгу фазилатларни асрлар давомида қадрлаб келади. Айниқса, хаста кишилар ҳолидан хабар олиш, уларга мурувват ёрдамлари кўрсатишни ўзининг инсоний бурчи деб билади. Шу туфайли ҳам кейинги йилларда мамлакатимизда бу каби эзгу амаллар янада ривожланиб, тараққий этиб, янгича маъно-мазмун касб этиб бормоқда.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан тиббий ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама беғараз ёрдам муҳитини кучайтириш, болалар саломатлигини муҳофаза этиш ҳамда «1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан барча вилоятларда «Бор меҳримиз сенга болажон» шиори остида акция бўлиб ўтмоқда.

Бунда Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши аъзолари ҳам партиянинг «Бор меҳримиз сенга болажон» акцияси доирасида уюштирилаётган барча хайрли ва савобли ишларда ҳамиша фаол қатнашиб келишяпти.

Бугун Қарши шаҳридаги қон қуйиш маркази «адолатчилар» билан гавжум бўлди. Донорлик акциясида партиямиз фидоийлари фаол қатнашиш, қолаверса мурғак қалбларга эзгулик улашиш мақсадида ўз қонларини топшириш учун ташриф буюрдилар. Навбат билан қон топшириб, хаста, тўшакда ётиб қолган дилларнинг дуосини олдилар. Партия аъзолари билан биргаликда Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар Бошқармаси, Миллий гвардия Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят ички ишлар бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш вилоят бошқармаси, Қашқадарё вилояти халқ қабулхонаси, Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Юрт таровати газетаси, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ходимлари ўз инсонийлик бурчларини адо этиш учун қон топширдилар.

Бундай олийҳиммат партиядошларимиз сарасига партиянинг Миришкор туман Кенгаши раиси Тўлқин Хидиров, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси Ёқуб Амирқулов, Шоҳжаҳон Мейлиев, партия фаоллари Насиба Ибрагимова ва бошқаларни киритиш мумкин. Чунки улар сахийлиги, чексиз меҳри, муруввати билан яхшиликнинг, саховатнинг эшигини очганлардан. Бундан ташқари, фидойи партиядошларимиз ҳар доим ўз ёрдамлари билан хаста болажонлар ҳузурида бўлишни канда қилишмайди.

Дарвоқе, шу куни саховатпеша «адолатчилар» ва хайрихоҳлар «Меҳр карвони» шиори остидаги хайрия тадбирида ҳам ўз олийжанобликларини яна бир бор намойиш этдилар. «Меҳр карвони» шиори остида шу куни Қарши шаҳридаги Имконияти чекланган болалар учун мактаб ва мактаб интернатлар, «Мурувват» уйлари, болалар гематологияси,онкологияси ва клиник иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказларида ҳам бўлиб, бемор болажонларга совға саломлар ҳамда мурувват ёрдамлари улашиб, ўз инсоний бурчларини адо этдилар. Касаллиги оғир бўлган болажонларга Қашқадарё вилояти Халқ қабулхонаси томонидан моддий ёрдам кўрсатилди.

 

«Адолат» СДП
Қашқадарё вилоят
Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+