Ўзгаришларнинг барчаси Бухоро халқи учун

16.02.2024 12:02:06

Бугунги кунда Бухоро шаҳрида юзлаб янги кўп қаватли уйлар, бино ва иншоотлар қад ростлаган. Иқлими иссиқ ва қуруқ ҳаво, шўрхок тупроқли ўлкада манзарали, мевали дарахтларнинг кескин қуриши табиатдаги бор намликни ҳам йўқотаётганини инкор этиб бўлмайди. Яшил майдонлар оз, истироҳат боғлари бармоқ билан санарли ва табиат бағрида дам олиш масканлари йўқ. Бугун Бухоро ва бухороликлар учун яшил олам зарур. Шу мақсадда “Боқий Бухоро” тарихий-этнографик марказ барпо этилмоқда.
Тарихий-этнографик парк ҳудудидан Бухоро анъанавий меъморчилиги дурдоналари ва замонавий шаҳарсозлик услублари уйғунлигини ўзида ифода этган объектлар ўрин олган. Унда этнографик музей, Бухоро воҳаси учун хос бўлган тарихий маҳаллалар, аҳоли учун хизмат кўрсатувчи чойхоналар ва миллий таомлар тамаддихоналари, анъанавий дренаж тизимлари – ариқ ва ҳовузлар, ҳунармандлар расталари, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, кулолчилик, наққошлик, пичоқчилик каби амалий санъат устахоналари бўлиши кутилмоқда.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, ушбу барпо этилажак парк ҳудудида кўкаламзорларнинг кенгайтирилиши ҳам режалаштирилган. Бундай ёндашув ўз навбатида ушбу масканда ва қолаверса, Бухоро воҳасида микроиқлимни таъминлаш, “яшил йўлак” яратиш ва бугунги кундаги долзарб экологик муаммолардан бирига айланган чўллашув ҳамда ерларнинг шўрланиши каби таҳдидларнинг бартараф этилишида улкан аҳамият касб этади. “Яшил Бухоро” дастурига мувофиқ илгари ташкил этилган майдондаги дарахтлар ва яшиллик қиёфаси тўлиқ сақлаб қолинади ҳамда янада бойитилади.
Мазкур этнопарк Бухоронинг тарихи билан боғланган замонавий лойиҳа бўлиб, шаҳарнинг микроиқлим шароитини яхшилашга хизмат қилади.
Умид қиламизки,“Боқий Бухоро” этнопарки – ўтмиш ва бугунни ўзида мужассам этган мўъжизалар шаҳарчаси айланади.

Мақсуд Ҳамидов
Бухоро вилоят Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+