Ўзимиз ўтирган шохни арраламайлик

01.06.2021 18:06:01

Минг афсуски, сўнгги пайтларда хизмат вазифасини ўтаётган тиббиёт ходимларига нисбатан бемор, унинг қариндошлари томонидан айблаш, ҳаттоки уларга қўл кўтариш, калтаклаш  ҳолатлари кўпайиб бораётгани бор гап.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қўшработ туман Кенгаши ҳамда депутатлик гуруҳи аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб, Қўшработ тумани, “Жуш” МФЙ Тез тиббий ёрдам бўлимига 2021 йилнинг 24 май кунидаги чақириқ юзасидан шифокорга қилинган тажовуз ҳолатини ўрганди.

Маълум бўлишича, бемор Л.Душанова 1969 йилда туғилган. “Жўш”  маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилган. Беморнинг яқинлари томонидан  тез тиббий ёрдам бўлимига 2021 йил 24 май куни кеч соат 22:36 да чақириқ бўлган. Тез тиббий ёрдам соат 22:41 да шифокор Р.Маматов бошчилигида хонадонга етиб борган.

Беморнинг юрак соҳасида, елкада, чап қўл соҳасида оғриқ борлигидан, нафас етишмаётганлигидан шикояти борлигини маълум қилади. Кўрик вақтида беморда мажбурий, чуқур - чуқур нафас олиш ҳолати кузатилган. Пульс 1 дақиқада 62 зарба.  

Тиббий ёрдам кўрсатиш мобайнида беморда клиник ўлим кузатилган. Шундан сўнг ёрдам учун иккинчи тез тиббий ёрдам бригадаси чақирилган. Оқмачит шаҳобчасидан шифокор Ф.Очилов тиббий ёрдам кўрсатган. Олиб борилган реанимацион чора-тадбирлар самара бермаган ва беморда биологик ўлим ҳолати қайд этилган. 

Беморнинг шикоятларига кўра (юрак соҳасида, елкада, чап қўл соҳасида оғриқ, нафас етишмаслиги), ўткир миокард инфарктидан вафот этган бўлиши мумкинлиги айтиб ўтилди.

Ҳақиқатдан ҳам ўша куни марҳуманинг ўғли шифокор Р.Маматовнинг юзи, бош қисмига урган. Аммо, шифокор Р.Маматов марҳум билан битта маҳаллада истиқомат қилишини, илгаридан бир-бирига оилавий адовати, келишмовчилиги йўқлигини, оилавий муносабатлари яхши эканлигини айтиб, фуқаро онасини йўқотишдан қаттиқ руҳий қурқувга тушгани сабабли бу ҳолатга қўл урганини, ҳозирда ўзининг саломатлиги яхши эканлигини таъкидлади.  

Албатта, ҳаёт ҳамма вақт ҳам бир текисда кечмайди, унинг ҳам пасти, баланди бор. Ана шундай оғир пайтда ҳиссиётга берилиб, жаҳл отига миниш қанчалик тўғри? Айниқса, инсонлар соғлигини ва ҳаётини сақлашдек оғир, ўта масъулиятли  ишга бел боғлаб, ҳатто ярим тунлари ҳам ҳаловатидан кечиб, тиббий ёрдам кўрсатишга шайланган фидойи касб эгаларига нисбатан бундай муносабатда бўлиш адолатданми? Бу ўз саломатлигимизга қарши чиқишдан, ўзимиз ўтирган шохни кесишдан бошқа нарса эмас. Бу каби ҳолатлар саломатлик посбонларининг касбига нисбатан муносабатлари ўзгаришига олиб келмасмикан. Айниқса, ёш авлод болалигидан орзу қилган оқ халат эгларининг бундай ҳолатидан кейин юрак олдириб қўймасмикан?

Зеро, дунёда касблар кўп. Аммо улар орасида шифокордек касб борки, бу ҳақда сўзлаганингизда, беихтиёр кўз ўнгингизга фидойи, жасоратли, садоқатли инсонлар келади. Саломатлик посбонларининг сидқидилдан қилаётган меҳнатини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+