Озод Ватаннинг озод фарзандлари

14.04.2022 13:04:28

“Адолат” СДП вилоят ва Шаҳрисабз туман Кенгаши томонидан Ёшлар маркази тадбиргоҳида “Ёшларни ахборот хуружларидан асрайлик” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, ёшлар, хотин-қизлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тадбирда партия вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов маъруза қилди.

 - Янги Ўзбекистонда онги, шуури, тақдири турли хил мафкуравий тазйиқлардан холи, миллий ва умумбашарий қадриятларга таянган ҳолда замон ва маконда ўзлигини топишга, иқтидори, истеъдоди ва салоҳиятини тўла-тўкис  намоён қилиб, ўзбек йигит қизларининг жаҳонда ҳеч кимдан кам эмас, балки кўпгина фазилатларда устун эканлигини исботлашга қодир авлод дунёга келди,-деди Руиддин Раупов.- Эндиги бизнинг вазифамиз ёшларни турли ёт ахборот хуружларидан асрашимиз керак.

-Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз бошчилигида биз ёшларнинг ҳар томонлама мустақил сиёсий, иқтисодий, ижтимоий жиҳатдан эркин яшашимиз, билим олишимиз, касб-ҳунар ва мутахассисликларни эгаллашимиз учун кўплаб шароитлар яратилмоқда,-деди “Ёш адолатчилар” қаноти етакчиси Мадина Аллабердиева.- Буни тўғри, қалбан ҳис этган минг-минглаб ёшлар мактаблар, олий таълим муассасаларида билим асосларини, замонавий фан ютуқларини, ахборот технологияларни қунт билан ўрганиб, янги Ўзбекистонга муносиб фарзанд, келгусида элнинг юкига елкасини тутадиган комил инсон бўлиб етишишга интиляпти. Бироқ, айрим ёшлар эса чет давлатлардан кириб келаётган ёт ғоялар таъсирига тушиб қоляпти. Хўш, бу ғоялар биз ёшларга нима беради, нимани ўргатади, бизга нима нафи тегади, деган саволни навқирон йигит-қизларимиз чуқур ўйлаб кўриши керак. Шу жиҳатдан теран фикрлайдиган ёшлар миллий қадриятларимизга нафақат таҳдид  соладиган балки, таҳқирлайдиган ёт ахборот хуружларига нисбатан қатъий ва қонуний муносабат билдириб боришлари талаб этилади.

Тадбирда ёшларни ҳар қандай ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш учун энг аввало бандлигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди. Ҳокимиятлар тасарруфидаги мутасадди идоралар томонидан ёшларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш суст аҳволда. Айниқса, ўсиб-улғайиб вояга етиб келаётган ўғил-қизларимиз ўқиш, турли тўгарак ва мактабдан ташқари муассасаларда машғулот билан тўлиқ банд  қилинмаяпти. Айрим ота-оналар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ички ишлар, таълим масъуллари ёшлар тарбияси билан жиддий шуғуллана олмаётганликлари туфайли баъзи ёшларимиз  ёт ғоялар таъсирига тушиб қоляпти.

Тадбирда ёш авлодни қадриятларимизга тўғри келмайдиган ахборот хуружларидан асраш учун тарбиявий ишларни кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Тарбияда оила ва мактаб ҳамкорлиги муҳимдир. Шунингдек, турли жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, интернет, ижтимоий тармоқлар ҳам тарбияга кучли таъсир кўрсатади. Ёш авлодга таълим-тарбия беришни сира ҳам сусайтирмаслик юзасидан тавсиялар берилди.

Президентининг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан кенг қамровли ишлар ташкил этилиши белгиланди.

 

                                                                    Абдулазиз Абдиев,

“Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси ўринбосари.

                                                    Уюштирди: Комил Сахатов.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+