Қонунчиликдаги ислоҳотлар ўзаро уйғунликда амалга оширилади

04.11.2022 16:11:56

Жорий йил 27-28 октябрь кунлари Самарқандда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеясининг кузги сессияси бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, МДҲ Парламентлараро Ассамблея миллий парламентлар томонидан тайинланадиган ёки сайланадиган аъзо давлатларнинг парламент делегацияларидан ташкил топган давлатлараро орган ҳисобланади. МДҲ билан бир вақтда ташкил топган Ассамблея ўз фаолиятининг илк кунлариданоқ янги сиёсий ва иқтисодий шароитларда парламентлар ҳамкорлиги учун муҳим майдонга айланди.

  Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги тузилганидан буён фаолият юритиб келаётган Парламентлараро Ассамблея парламентларнинг ўзаро ҳамкорлиги борасида кенг қамровли масалаларни қамраб олади. Ассамблеянинг МДҲ мамлакатлари ҳуқуқий тизимларни ислоҳ қилиш, ривожлантириш ҳамда аъзо давлатларнинг қонунчилигини ўзаро уйғунлаштиришда қаратилган фаолияти диққатга сазовордир.

  Ҳозирда 600 га яқин намунавий қонун ва ҳужжатлар МДҲ давлатларининг ҳуқуқий тизимларини интеграциялашувига хизмат қилиб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Парламенти томонидан терроризм, коррупция ҳамда жиноий даромадларни легалаштиришга қарши курашиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, одам савдоси ва ноқонуний миграцияни олдини олишга қаратилган кўплаб таклифлар ишлаб чиқилди ва  Парламентлараро Ассамблея доирасида тақдим этиб келинмоқда.

  Ўз навбатида, Парламентлараро Ассамблея томонидан қабул қилинган ва тавсиявий характерга эга бўлган намунавий қонунлар бўйича тавсиялар миллий қонунчилигимизга татбиқ қилинмоқда. Маъмурий тартиб-таомиллар, сайлов ва референдум, илм-фан, давлат бошқаруви ва шу каби кўплаб соҳаларда модел қонун лойиҳаларига билдирилган таклифлар қонун ижодкорлигида ҳамда уни такомиллаштиришда инобатга олинмоқда.

  БМТ, Парламентлараро кенгаш, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг модель қонун ва ҳужжатлари халқаро аҳамиятга эга бўлган шартномаларда ҳам ўз аксини топган.

Охирги икки йилда 100 дан ортиқ модель қонун лойиҳалари бўйича 300 дан ортиқ таклиф киритилган, уларнинг аксарияти қонун лойиҳаларини маромига етказишда инобатга олинган.

МДҲ ПАнинг ишчи органи кенгаш ҳисобланади, у доимий асосда Парламентлараро Ассамблеянинг ишини ташкил этади. Кенгаш қоида тариқасида йилда икки марта йиғилади ва ялпи мажлисни ўтказади.

Самарқандда бўлиб ўтган сессия ишини Ассамблеянинг маданият, ахборот, туризм ва спорт, аграр сиёсат, табиий ресурслар ва экология, сиёсий масалалар ва халқаро ҳамкорлик бўйича доимий комиссияларининг мажлиси очиб берди.

Халқаро тадбир доирасида МДҲ Ёшлар парламентлараро ассамблеяси йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Россия, Тожикистон вакиллари иштирок этди. Бу МДҲ Ёшлар парламентлараро ассамблеясининг ўн тўққизинчи мажлиси бўлиб, “NEET ёшлари” (иш билан банд бўлмаган ёшлар) муаммосини ҳал қилиш мажлисда асосий масалалардан бири бўлди.

Йиғилишда ёшлар бандлиги масаласи кун тартибига кўтарилиши бежиз эмас. Чунки, МДҲ давлатлари аҳолиси таркибида ёшлар сони юқори. Шу боис, йигит-қизларнинг келажак истиқболини таъминлашда турли маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар қаторида бандлик масаласи муҳим ўрин тутади.

Сессия доирасида МДҲ ПА кенгашининг мажлиси ҳам бўлиб ўтди. Парламент делегациялари раҳбарлари ҳамкорликнинг долзарб масалаларини кўриб чиқди. 2022 йилда ўтказилган тадбирлар сарҳисоб қилинди. МДҲ ҳудудида сайлов кампаниялари мониторинги тўғрисидаги ахборот эшитилди.

Шунингдек, МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг эллик тўртинчи ялпи мажлиси ҳам бўлиб ўтди. Унда Парламент аъзолари сайлов мавзусига оид кўплаб намунавий қонунларни кўриб чиқди. Шунингдек, кейинчалик Ҳамдўстлик давлатларининг миллий қонунчилигида фойдаланиши мумкин бўлган бир қатор бошқа қонун лойиҳалари ҳам депутатлар ва сенаторлар эътиборига ҳавола этилди.

 

Махфират Хушвақтова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+