Партия ходими Хоразм радиосининг «Аёл ва жамият» дастури меҳмони бўлди

13.06.2024 20:06:17

Ўзбекистон «Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши бош мутахассиси Гулора Исмоилова Хоразм радиосининг «Аёл ва жамият» жонли эшиттиришида иштирок этиб, жамиятда аёлларнинг тутган ўрни, аёлларнинг жамиятдаги мавқеининг тобора мустаҳкамланиб бораётгани , яратилаётган шароитлар хусусида гапирди.

Жонли суҳбатни Хоразм телерадиокомпаниясининг журналисти, партия фаоли Гулсанам Маннанова олиб борди.

Г.Исмоилова фарзанд тарбиясида онанинг ўрни, деган саволга қуйидагича жавоб берди.

Фарзанд тарбиясини она ҳомиладорлик пайтида бошлаши, бўлғуси онанинг ўй-фикрлари соғлом бўлиши, кўпроқ китоб мутолаа қилиши, фарзанд туғилганидан кейин меҳр билан алла айтиб болани ухлатиши энг муҳим жиҳатлардан ҳисобланади.

Сўнги йилларда, орамизда долзарб муаммолардан бири бўлиб ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб улгурган қўл телефонидан нотўғри фойдаланиш масаласи оғриқли нуқталардан бири экани ҳеч кимга сир эмас. Кўп ҳолларда болани овутиш учун қўлига телефон бериб қўйиш кундалик одатимизга айланиб қолган, ўзимизга осонгина туюлган бу ҳаракатимиз болани униб ўсишида ҳар томонлама, айниқса соғлигига салбий таъсир этишини билиб туриб, шу ҳолатга йўл қўйилганининг ўзи катта хато ҳисобланади. Буюк бобокалонимиз Абдулло Авлоний «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат– ё фалокат масаласидир» деб бежизга чуқур маъноли сўзларни ёзиб қолдирмаганлар. Бобомизнинг бу даъватлари ҳозирги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Фарзанд тарбияси аёллар зиммасига жуда катта масъулият юклайди.

Шунингдек, Г.Исмоилова партия томонидан ҳаётга татбиқ этиб келинаётган бир қатор лойиҳалар юзасидан ҳам тўхталиб, журналист қизиққан барча саволларга атрофлича жавоб берди ва ўз қаламига мансуб тарбиявий аҳамиятга эга бўлган ҳикоялардан радио тингловчилар эътиборига ҳавола этди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
«Адолат» СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+