Партия кузатувчиси сайлов адолатли ўтишига хизмат қилади

14.11.2019 14:11:18

Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашларга ўтказиладиган сайловларга тайёргарлик жараёни қизғин паллага кирди. Ким кўп депутатлик ўрнига эга бўлади? Бу саволга жавоб битта: жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, сайловчилар ишончини қозона олган куч бунга эришади. Бу борада муносиб номзодларни танлай билиш ва уларни қўллаб-қувватлаш катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши ташаббуси билан “давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларда сиёсий партияларнинг иштироки” мавзусида ўтказилган семинар-тренинг айни шу мавзуга бағишланди.

-Сайлов жараёнини янги қабул қилинган Сайлов Кодекси асосида ўтишида номзоднинг ишончли вакили, партия кузатувчиси ва ваколатли вакилларининг роли катта, - деди Фуқаролик жамиятини шакллантириш Маркази Андижон ҳудудий бўлими шўъба мудири Адҳамжон Узоқжонов -  Шу сабаб улар фаолиятига эътиборли бўлиш лозим. Сайловларни кузатиш шунчаки расмий қоида эмас, зеро у инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга бевосита кўмаклашади. Кузатувчиларнинг сайловларда иштироки фуқаролар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишда муҳим омил бўлади.

Иштирокчилар Сайлов кодекси ва сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва депутатликка  номзодларга қўйиладиган талаблар хусусидаги маърузалар билан танишдилар. Бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Семинар-тренинг якунида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ишчи гуруҳи аъзоси Шерзод Зулфиқоров сайлов жараёнини қонуний ўтказиш борасида қўйиладиган талаблар хусусида тушунча берди.

                                      Қосимжон ҚАЮМОВ,

         Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти

                     кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+