Партия Сиёсий Кенгаши раиси таълим ва фан соҳаси вакиллари билан учрашди

17.03.2021 14:03:30

Жорий йилнинг 17 март куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Абдуҳалимов Бахром Абдураҳимович Қорақалпоғистон Республикасидаги таълим ва фан соҳасидаги ислоҳотлар, ютуқлар ҳамда муаммоларни ўрганиш мақсадида Нукус шаҳрига ташриф буюрди.

Даслабки ташрифи Қорақалпоқ давлат университети бўлиб, ушбу олий таълим муассасасида “Таълим ва фан соҳасидаги ислоҳотларда Ўзбекистон “Адолат” СДП иштироки” мавзусида профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчилар билан учрашув ташкил қилинди.

Учрашув Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси, партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаши депутатлари ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилар иштирокида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси таълим ва илм-фан соҳасидаги ислоҳотлар ютуқлар ва муаммолар бўйича профессор-ўқитувчилар ҳамда илмий тадқиқотчилар билан ўзаро фикр алмашди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар илм-фан соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, соҳанинг жадал ривожланишини таъминлаш, жамиятимиз ва давлатимиз ҳаётига, хусусан, иқтисодиётимизнинг барча жабҳаларига замонавий фан ютуқларини жорий этиш, мутахассисларга шароитлар яратиш, уларнинг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Шунга қарамай мазкур соҳада ечимини кутаётган масалаларга ҳам аҳамият қаратиб бориш зарурлиги айтилди. Айни пайтда, илмий фаолиятни янада жадаллаштириш йўлидаги муаммолар ва уларнинг ечимини аниқлаш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар муҳокама қилинди.

Шунингдек, партия томонидан мамлакатимиз рақобатдошлигини узоқ муддатда истиқболли таъминлашнинг муҳим омили сифатида мамлакат илмий салоҳиятини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ролини ошириш, олимларни, айниқса, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инновацион иқтисодиётга ўтиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлашга кенг эътибор қаратаётганлиги таъкидланди. Бундан ташқари партия таълимни ривожлантириш бўйича ҳам ўз сайловолди дастурида аниқ вазифаларни белгилаб олган.

Маълумки, “Адолат” социал-демократик партияси таълимга инвестиция киритиш, олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари сони ва самарадорлигини ошириш ҳисобига олий таълим муассасалари сонини янада ошириш, шу билан бирга, олий таълим муассасаларининг босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштириш тартибига ўтиш тарафдоридир. Бундан ташқари партия ўқитувчилар ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” алоҳида қонун қабул қилишни ҳамда бутун таълим жараёнини мувофиқлаштирувчи ягона ҳуқуқий тизимни яратишга қаратилган “Таълим тўғрисидаги кодекс”ни қабул қилиш таклифларини илгари сурган.

Шунингдек, учрашувда бугун Президентимиз янги Ўзбекистон келажагини таълим ҳамда илму фанда кўраётгани, Учунчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида кун тартибига қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтараётгани мамлакатимиз жаҳон аҳлини ўзига қарата оладиган буюк бир келажакнинг камол топишига қўйилган дадил қадамларнинг бири бўлганлиги таъкидланди. Шундан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда таълим тизимини модернизация қилиш, уни қайта қуриш, фан, техника, технология, иқтисодиётнинг замонавий ютуқлари асосида таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

Ушбу тадбирдан сўнг партия фаоллари таълим жараёнида талабалар учун яратилган имкониятлар билан яқинироқ танишиш мақсадида Қорақалпоқ давлат университетининг талабалар турар жойининг шароитлари билан яқиндан танишди. Бугунги кунда университетда жами 15 162 нафар талаба кундузги таълим шаклида таҳсил олмоқда. Бугунги куни университет талабалар турар жойи комплекси 6 та бинодан иборат бўлиб жами 1340 ўринга мулжалланган. Келгуси 2022-2023 йилларда яна 2 та 400 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи биносини янгидан қуриш ишларини олиб бориш масаласи манзилли руйхатга киритилган.

Ўрганишлар давомида партия Сиёсий Кенгаши раиси талабалар уйидаги яшаётган қўшни Туркманистон давлатидан келиб таълим олаётган талаба ёшлар билан инглиз тилида суҳатлашди.    

Тадбир якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бундай ташқари куннинг иккинчи ярмида Нукус шаҳридаги ҳамда Беруний туманидаги таълим муассасаларини ўрганиш ҳамда маҳаллаларда “Маҳаллабай” тизими асосида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан учрашувлар ўтказиш назарда тутилган.

Партия Сиёсий Кенгаши раисининг кейинги манзили Нукус шаҳридаги “Чимбой чойхона” МФЙ бўлиши режалаштирилмоқда.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+