Партиядошимиз декан ўринбосари бўлди

03.10.2022 15:10:58

Бугунги кунда «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгашида «Ёш адолатчилар» қаноти фаолияти янада жадаллашди. Навқирон сафдошларимиз партия ғоялари ва мақсадларини тарғиб қилишда, Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқаришда жонбозлик кўрсатмоқдалар. Улар орасидан депутатлар, истеъдодли етакчилар етишиб чиқмоқда.

Абдулбосит Собирхонов ана шундай ёшлардан бири. У вилоятнинг Чуст туманида туғилиб ўсган. Мактабни битиргач, Тошкент давлат педагогика университетида ўқиган. Кейин шу олий ўқув юртида магистрлик даражасини олган. Мутахассислиги – аниқ ва табиий фанларни ўқитиш методикаси ўқитувчиси.

Абдулбосит жамоатчилик ишлари билан университетда ўқиб юргандаёқ астойдил шуғуллана бошлади. Кейинчалик мактабда дарс берганида, Ёшлар иттифоқи тизимида фаолият кўрсатганида ҳам бу одатини тарк этмади. «Адолат» социал-демократик партиясига аъзо бўлгач, ўз устида янада кўп ишлаб, сиёсий билимларини ошириб борди. Бу жиҳатдан вилоятдаги тенгдошларига намуна кўрсатди, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар Парламенти аъзоси этиб сайлангани ҳам бежиз эмас. Буларнинг ҳаммаси жамоатчиликнинг эътирофига сазовор бўлмай қолмади. Сафдошимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги «Келажак лидерлари» клуби аъзолигига қабул қилинди. Яқиндан бери «Адолат» СДП «Ёш адолатчилар» қанотига бошчилик қилмоқда.

Абдулбосит айни пайтда илм-фан соҳасида ҳам юксак чўққиларни эгаллашни мақсад қилган. Бир неча йилдан бери Наманган давлат университетида мустақил тадқиқотчи сифатида иш олиб боради. Мактабдаги табиий география дарсларида бадиий ижод намуналаридан фойдаланиш мавзусига бағишланган илмий иши якунланди ҳисоб. Келгуси йили уни ҳимоя қилиши мумкин.

Назаримизда, шу жиҳатни ҳисобга олиб, сафдошимизни ўтган йили НамДУга таклиф қилишди. Табиий фанлар факультетида таълим ва тарбия ишлари бўйича декан маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсата бошлади. Қисқа вақт ичида профессор-ўқитувчилар ўртасида ҳам, талабалар орасида ҳам ўзининг жонкуярлиги, ҳар бир масалага жиддий ёндашиши, кенг мулоҳаза юритиши, кўпчиликнинг фикрини ўрганишдан қочмаслиги билан ҳурмат қозонди. Шунинг учун бўлса керак, яқинда университет ректорининг буйруғига биноан у табиий фанлар факультети деканининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

– Янгиликни биринчилар қатори партиядошларимиз билан баҳам кўрдим, - дейди А. Собирхонов. - Ҳаммалари мени қизғин қутлашди, ҳатто ижтимоий тармоқларда эълон қилишди. Бундан жуда хурсандман. Айни вақтда зиммамга катта масъулият юкланганлигини ҳис этиб турибман. Чунки факультетимиз – катта жамоа. Элликдан ортиқ устозлар 1100 нафар талабага билим беришади. Бешта йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланади. Шунинг учун янада фидокорона меҳнат қилишга, или-фан йўлида тинмай изланишга аҳд этдим.

Биз партиядошимизга бу борада катта муваффақиятлар тилаймиз.

Нурбек Абдуллаев,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+