Партиядошимиз – ҳоким ўринбосари

11.11.2021 17:11:39

Собиржон Икромов халқ депутатлари Чортоқ туман кенгаши депутати. 2019 йил декабрда сайловчилар билдирган юксак ишончни оқлаш учун астойдил меҳнат қилди. Сайлов округи ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга, фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ечишга доимо бош қўшиб келди. Шунинг учун ҳам кўпчилик ўртасида катта обрў-эътибор қозонди.

   – Мен Собиржонни анчадан бери танийман, - дейди “Адолат” СДП Чортоқ туман кенгаши раиси Ҳабибахон Мирабдуллаева. -  Ёш бўлишига қарамай каттагина тажрибага эга. Энг муҳими, одамлар билан ишлашни яхши билади. Ҳар қандай кишининг кўнглини топа олади. Боз устига иқтисодий масалаларни мутахассис сифатида яхши тушунади. Раҳбар сифатида депутатлик гуруҳи фаолиятини ҳам яхши йўлга қўйди.

  Ана шу каби омилларни ҳисобга олиб, 2021 йил бошларида партиядошимиз халқ депутатлари туман кенгашининг мудирлигига тайинланганди. Бу вазифани ҳам муваффақиятли адо этиб келди. Қисқа муддатда депутатлар фаолиятини жонлантиришга эришди. Сайловчилар билан ишлаш яхшиланди. Сессиялар кун тартибига киритиладиган долзарб масалалар кўпайди. Уларнинг ечими устидан ўрнатилган депутатлик назорати самара бера бошлади.

  Албатта, унинг бу ишлари нафақат халқ, балки раҳбарият назарига ҳам тушди. Шунинг учун бўлса керак, куни кеча у Чортоқ тумани ҳокимининг ўринбосари - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи этиб тайинланди. Партиядошимизга янги вазифадаги фаолиятида каттадан-катта ютуқлар тилаймиз.

  Шу ўринда Собиржон Тешабоевич Икромов 1985 йили Чортоқ туманида туғилганлигини билдирамиз. У 2014 йили Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – ғазначилик Меҳнат фаолиятини “Баҳром Соҳиб Собиржон” фермер хўжалигида ҳуқуқшуносликдан бошлаган. 2016-2021 йилларда Чортоқ туман молия бўлимида турли вазифаларда ишлаган. 2021 йилдан халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгаши котибияти мудири лавозимида фаолият юритган.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгвши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+