Партиядошимиз Ёшлар иттифоқи туман кенгашига раис бўлди

12.04.2021 13:04:44

Ёшлар иттифоқи Мингбулоқ туман кенгаши фаолларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда  Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Муҳтарама Абдуллаханова, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали ходимаси Дилноза Акрамова, туман Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Абдумутал Ҳайдаралиев иштирок этдилар. Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди.  Ёшлар иттифоқи Мингбулоқ туман Кенгашига раис этиб  Нозима Акбарова сайланди.

У ҳозир йигирма икки ёшда. Айни вақтгача  Ёшлар иттифоқи туман кенгашида “Камалак” болалар ташкилотининг раиси бўлиб ишлаган. Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси. Ўтган йили партиямиз фаоли сифатида “Ёшлар парламени”га сайланди. Жамоатчилик ишларидаги фаоллиги ва жонкуярлиги учун тенгдошлари ўртасида катта обрў-эътибор  қозонган. Икки ой муқаддам давлатимиз раҳбари  қатнашган халқ  депутатлари Наманган вилояти кенгаши сессиясидан сўзга чиқиб, бандликни таъминлаш юзасидан таклифлар билдирган эди.

– Мен  Нозимани аввалдан яхши танийман, ўунинг учун танлов жуда тўғри бўлган, - дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали ходимаси Дилноза Акрамова. – У билан бир тизимда ишлаганмиз, қолаверса, мен ҳам “Адолат” СДП фаолиман, партиявий тадбирларда ҳам учрашиб турардик. Ташаббускор, изланувчан, ҳамиша тенгдошларининг тақдири ҳақида қайғурадиган қиз. Февраль ойида ўтган халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессиясида ҳам сўзга чиқиб, туман ёшлари ўртасида ишсизликка барҳам  бериш  юзасидан муҳим таклифлар билдирди. У  Мингбулоқда ишга  туширилиши кўзда тутилаётган нефть  конлари билан  боғлиқ. Мана  шу  соҳада  меҳнат қиладиган мутахассисларни Наманган давлат  университетида тайёрлашни  йўлга  қўйиш кераклигини айтди. Бу масала юртбошимиз томонидан ҳам қизғин  қўллаб-қувватланди. Ўша заҳоти тегишли мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.

Нозима Акбарова ҳақида “Адолат” СДП туман кенгашининг раиси Раънохон Умарова ҳам илиқ фикрлар айтди. Унинг сўзларига қараганда, ёш партиядошимиз ўзининг барча соҳалардаги билимларини тинмай ошириш юзасидан изланади. Билмаганларини сўраб ўрганишдан эринмайди. Тенгдошлари ҳаётда дуч келаётган муаммоларни ҳал этишни ўзининг биринчи галдаги вазифаси деб билади. Партия лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишда ҳар доим фаол. Ёшлар парламенти аъзолигига сайланганлиги бежиз эмас. Ҳозиргача бир нечта янги қонун лойиҳаларини тайёрлаш юзасидан таклифлар берди. Улар амалга ошса, ёшларга оид давлат сиёсатининг самарадорлиги янада ошишига шак-шубҳа йўқ.

– Ростини айтсам, бу вазифага сайланишимни хаёлимга келтирмагандим, - дейди Н. Акбарова. – Албатта, бу мен учун катта шараф. Шу билан бирга улкан масъулият ҳам. Чунки ишончни оқлаш учун астойдил меҳнат қилиш зарур. Ёшлар ҳаётига доир муаммолар эса туманда оз эмас. Уларнинг ечимини топишга кенг жамоатчиликни, давлат ва жамоат ташкилотларини жалб этиш лозим. Бунинг учун бор куч-ғайратимни ва билимимни сарфлайман.

Биз ҳам Нозимага янги вазифадаги фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+