Партиядошларимиз сафи кенгаймоқда

06.04.2022 22:04:19

Партия фаолиятини тарғиб этишда бошланғич партия ташкилотларининг ўрни беқиёс. Айниқса, партия лойиҳалари доирасида ўтказиладиган тадбирлар, ўрганишларда бошланғич партия ташкилотининг аъзолари ўз ташаббуслари билан иштирок этиб келишмоқда.

Хусусан, партиянинг Жарқўрғон туман Кенгашида 3500 га яқин партия аъзоси бўлиб, 65 та бошланғич партия ташкилотлари мавжуд. БПТ аъзоларининг ҳар бири партиянинг сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариб, мавжуд муаммолар юзасидан таклифлар беришда ҳамда ташкил этилган тадбирларда фаол иштирок этишда ўз ҳиссасини қўшиб келишмоқда. Энг муҳими, улар ўз ташаббусларини кўрсатишда доим фаол. Жумладан, партиянинг «Адолат – қонун устуворлигида», «Адолат» сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар куни» лойиҳаси , «Тозалик йўлида бирлашайлик» лойиҳалари доирасида партия аъзолари, депутатлар билан бирга учрашувлар ташкил этиб, фуқароларнинг сиёсий билимларини бойитишда, тозалик йўлида жалб этган ҳолда танловларнинг намунали ўтказилишида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Партиямиз сафида аъзолар сонини кўпайишида партиянинг «Партия патронажи» лойиҳаси жуда катта аҳамиятга эга бўляпти. Лойиҳа доирасида шаҳар, туман партия Кенгашлари фаоллари чақирувлар асосида хонадонлар ва ташкилотларда бўлиб, Ўзбекистон «Адолат» СДП сафида бўлишни истаган фуқароларга аъзолик билетини топширмоқда.

Хусусан, партия Жарқўрғон туман Кенгашига тумандаги 12-умумтаълим мактаби маъмурияти томонидан ўқитувчилар ва ходимларни партия аъзолигига қабул қилиш юзасидан чақирув келиб тушган эди. Мурожаат асосида туман партия Кенгаши раиси Очил Жиянов ва партия фаоллари ушбу таълим масканида бўлиб, мактаб жамоаси билан учрашди. Партиянинг сиёсий макондаги ўрни, партия Сайловолди дастури, мақсад ва вазифалари хусусида таълим фидоийларига атрофлича тушунтиришлар бериб ўтди. Шу куннинг ўзида мактабда фаолият юритаётган 22 нафар ўқитувчи ва ходимлар сафимизга қўшилдилар. Уларга туман партия Кенгаши фаоллари томонидан партия аъзолиги гувоҳномалари топширилди.

Дилбар Ҳайитова, БПТ раиси, партия аъзоси:

- Партияга аъзо бўлиш аввало, сиёсий билимларимизни шакллантирди. Жамиятда доим фаол бўлишимизда туртки берди. Партия ходимларининг ташаббуслари билан ташкил этиладиган ҳар бир тадбирда партиянинг аъзоси сифатида иштирок этишимиз биз учун жуда катта имконият. Айниқса, фуқаролар билан олиб бориладиган мулоқотларда муаммоларнинг ечимини топилишида кўмаклашишимиз бизга ташаббускорликни ўргатади. Президентимиз томонидан таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратиб келинмоқда. Қарор ва фармонлар қабул қилинмоқда. Бошланғич партия ташкилотлари ўз ташаббусини кўрсатса, албатта, партия хайрихоҳларининг сони ҳам ўз- ўзидан ошади. Бу эса улар учун жуда катта имкониятдир.

Дарҳақиқат, БПТлар жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок қатнашиши, ижтимоий муаммолар ҳал этилишига кўмаклашишлари зарур. Улар ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, социал–демократик ғояларни тарғиб этишда Ўзбекистон «Адолат» СДПни халқ билан боғловчи кўприк вазифасини бажаришлари лозим. Шундагина жамиятда партиянинг обрўси янада ортаверади.

Сардор Очилов,

Ёшлар Парламенти аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+