Партиямиз ташаббуслари амалиётда ўз аксини топмоқда

05.01.2024 15:01:41

Барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Адолат — қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг устувор мақсад ва вазифаларидан саналади. Партиянинг Сайловолди дастурида белгилаб қўйилганидек, партия жамиятнинг шаклланиши ва демократлашувининг муҳим таркибий қисми бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини изчиллик билан таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, суд ҳокимияти ҳамда адвокатура фаолияти янада такомиллаштириш, мустақиллигини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунларнинг ташаббускори бўлмоқда ва уларни қўллаб-қувватламоқда.
Шунга монанд равишда партиямиз хайрихоҳлари сони ортиб, электорати сафи кун сайин кенгаймоқда. Халқчил, ҳаётий ғояларимизнинг тез фурсатларда кенг жамоатчилик ва давлатимиз томонидан эътироф этилиб, амалиётга татбиқ этилаётганлиги барчамизни қувонтиради.
Жумладан, мамлакатимиз тарихида муҳим сиёсий жараёнларга бой бўлган 2023 йилнинг 21 декабрь куни давлатимиз раҳбари томонидан “Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон қабул қилингани ва унда 2024 йилнинг 1 февралидан тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд ва Наманган шаҳарлари туманлараро судларининг 2 нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда, “Оила судьялари” ташкил этилаётганлиги юқоридаги сўзларимизнинг тасдиғидир.
Дарҳақиқат, бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан мамлакатимизда ўтказилган муҳим сиёсий жараёнларда судьялар сонини кўпайтириш, уларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш, жумладан, оилавий, меҳнат, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпусини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди.
Бу бежиз эмас. Боиси ҳар қандай жамият ва цивилизациялар оилавий муносабатлар атрофида шаклланган ва ривож топган. Давлат ва жамият равнақи ҳамда инқирози ҳам бевосита оилавий муносабатларнинг ҳолатига боғлиқ. Оила ва оилавий муносабатлар барқарорлигини таъминлаш ҳар қандай давлатнинг стратегик манфаати сифатида миллий хавфсизликнинг асосий йўналишларидан ҳисобланади.
Маълумки, замонавий жамиятларда глобаллашув, тамаддунлар конвергенцияси, иқтисодий, ижтимоий, ғоявий омиллар таъсирида оилавий қадриятлар хавф остида қолмоқда. 2019 йил якуни бўйича баъзи Ғарб мамлакатларида тузилган никоҳларнинг бекор қилинганлик ҳолати 40 % дан 70 % гача бўлган кўрсаткични ташкил этади ва бу оила институти инқирози ва ижтимоий хавфсизликка жиддий таҳдид сифатида баҳоланмоқда.
Мамлакатимизда ҳам жамиятимизнинг муҳим бўғини ҳисобланган оилани, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш бўйича мунтазам чора-тадбирлар амалга оширилишига қарамасдан ажримлар сонининг ошиб бораётганлиги кузатилмоқда.
Ўз ўрнида, “Оила судьялари”ни ташкил этиш каби долзарб партия ташаббусларининг амалиётга жорий этилиши оилавий ажримларнинг олдини олиш, ушбу йўналишдаги ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш, жамиятдаги ижтимоий муаммоларнинг ечимига хизмат қилади ҳамда инсон ҳуқуқларини тўлақонли таъминланишига, одил судлов жараёнига, фуқароларнинг ҳокимият органларига, қонунлар ва қонуности ҳужжатларига бўлган ишончи ва ҳурматини ортишига замин яратади.
Зеро, адолат ва қонун устуворлиги халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шартидир.

Куатбай Мирзабаев,
Ўзбекистон "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати етакчи мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+