Пастдарғом ва нурободликларнинг электр энергияси таъминоти яхшиланади(ми?)

28.06.2021 14:06:13

Бугун Самарқанд вилоят ҳокимлигида халқ депутатлари вилояти Кенгашининг ўттиз бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибида “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти директори Ғ.Маматқуловнинг вилоят аҳолисини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар аҳволи юзасидан ҳисоботи ҳам тингланди.

Мазкур сессияда онлайн тарзда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Полвонов “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти директори Ғ.Маматқуловга ҳисоботидан келиб чиққан ҳолда саволлар билан мурожаат қилди.

-Ҳар сафар Пастдарғом ва Нуробод ҳудудидаги сайловчиларим билан учрашар эканман, улардан электр энергияси таъминоти борасида ҳам кўплаб мурожаатлар тушади. Ҳисоботингизни тингладим, кўплаб амалий ишлар олиб борилаяпти. Аммо фуқаролар кўтараётган электр симёғочларни алмаштириш, қўшимча ТП ўрнатиш, ТПни янгилаш борасидаги мурожаатларига ечим топиш учун ҳамкорликдаги ишларни йўлга қўйсак, ишимиз натижадорлиги ортади-дейди депутат ўз сўзида.

Сессияда депутат Шуҳрат Полвонов ташаббуси билан 28-30 июнь кунлари депутатларнинг ҳудудларга ташрифи чоғида бўлиб ўтадиган туман Кенгаши сессиясида “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти директори Ғ.Маматқулов шахсан иштирок этиши белгиланди.

Демак кутамиз, тез кунда Нуробод ва Пастдарғом туман Кенгашлари сессияси кун тартибида электр энергияси таъминоти масалалари муҳокама этилди. Ишонамизки, фуқароларнинг ушбу соҳа билан боғлиқ мурожаатлари ижобий ечимини топади.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+