Педагоглар ижтимоий мавқеини ошириш тарафдоримиз!

06.10.2021 11:10:17

Ёзёвон туманидаги 5-сонли мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган учрашувда  “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовичнинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Муҳаммаджон Валиев сайловчилар билан самимий суҳбатлашди.

Энг аввало жорий йилдаги Президентлик сайловларига тайёргарлик жараёнлари,  янги таҳрирдаги Сайлов Кодекси, аҳоли электорал маданиятини оширишга қаратилган тадбирлар хусусида сўз юритилди.  Партия томонидан кўрсатилган номзоднинг Сайловолди дастурида  кўплаб масалаларга адолатли ечимлар берилгани,  соҳалар кесимида истиқболли таклиф ва ташаббуслар илгари сурилганлиги билдирилди.

-Биз таълим  тизимида  кечаётган тарқоқликлардан, қарама-қаршиликлардан  воз кечиш учун  Мактабгача таълим,  Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини  ягона –  Таълим вазирлигига айлантирамиз!  Мамлакат таълим тизими  умуминсоний қадриятлар  билан уйғунлашган ҳолда ёшларимизнинг ижтимоий адолатга ишончини кучайтириши, билим ва маърифатга интилиши  учун  хизмат қилмоғи лозим, –  дейди Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовичнинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Муҳаммаджон Валиев. – Шунингдек,  ўқитувчилар  обрў-эътибори  ва ҳуқуқий мақомини  янада кўтариш,  уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини ошириш мақсадида “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши  тарафдоримиз.

Учрашув иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Шундай мазмундаги учрашув Қўштепа туманининг 15-сонли мусиқа ва санъат мактабида ҳам бўлиб ўтди.

 

 “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+